• Пт. Июл 11th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«МОда ишлаб чиқариш ва „қўл меҳнатига“ бундай иштиёқли бошқа давлат йўқ». Клаус Мангольд — Ўзбекистон ҳақида


Mangold Consulting компанияси асосчиси ва бошқарув кенгаши раиси, Daimler Chrysler AG компанияси кузатув кенгашининг собиқ раиси Клаус Мангольд 10 июнь куни «Саноат: Янги салоҳиятни очиш» Тошкент халқаро инвестиция форумининг панель муҳокамасида сўзлади, деб хабар беради Gazeta мухбири.

У ўз фикрича Ўзбекистонни минтақа саноат харитасида «энг истиқболли ўйинчилардан бирига» айлантираётган асосий омилларни айтиб ўтди.

«Марказий Осиёда ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва «қўл меҳнати»га бундай кучли иштиёқли бошқа давлат йўқ. Саноат ривожланиши учун айнан мана шу нарса зарур. Ўзбекистон бой тўқимачилик меросига эга ва агар Европа ёки Германия нуқтаи назаридан қаралса, кўп мамлакатлар ишлаб чиқаришни бу ерга кўчириш имкониятини кўриб чиқаётгани аён бўлади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Германиянинг Mercedes-Benz концерни бу вариантни кўриб чиқмоқда.

«Аммо биз учун ҳали эрта — биз премиум сегментни вакилимиз ва аҳоли даромадлари даражаси маълум даражага етгунча кутишимиз керак. Шунинг учун бизнинг рақобатчиларимиз ҳозир бозорни ривожлантирмоқда, келажакда премиум сегмент учун замин тайёрламоқда. Биз буни фақат мамнуният билан қабул қиламиз», — деди Мангольд.

Mangold Consulting раҳбари бугунги кунда компания директорлар кенгаши йиғилишларида Ўзбекистон ҳақида кўпроқ муҳокама қилинаётганини таъкидлади.

«Географик жойлашувнинг ўзи айтиб турибди: Хитой, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ва Россияга нисбатан яқинлик — буларнинг барчаси жиддий афзалликлар. Бундан ташқари, Ўзбекистон ёш давлат: аҳолининг 60 фоизи 24 ёшгача. Бу улкан салоҳият. Давлат ёшларни ишлаб чиқариш касб-ҳунарларига ўргатиш учун бошиданоқ маблағ ажратса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу энг муҳим муаммолардан бири», — дейди у.

Мангольд бу йўналишда, жумладан, Янги Ўзбекистон университетини ташкил этиш орқали жиддий қадамлар қўйилаётганини таъкидлади.

«Қиймат занжири ҳақида гапирадиган бўлсак, мамлакатда нафақат маҳаллий бозорга, балки экспортга ҳам йўналтирилган етказиб берувчилар ва компаниялар тобора кўпайиб, ўз фаолиятини ривожлантирмоқда», — деди у.

ЖСТнинг аҳамияти

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш сари интилмоқда ва йирик компаниялар учун мамлакатнинг ЖСТ аъзоси мақоми «доимо принципиал аҳамиятга эга».

«ЖСТга аъзолик — бу можароларни ҳал қилишнинг прогнозли ва аниқ механизмларини англатади. Шунингдек, Ўзбекистон кўрсатаётган сиёсий барқарорликни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Бу катта устунлик», — дея таъкидлади Клаус Мангольд.

Унинг фикрича, бу омиллар Ўзбекистонни жаҳон саноат харитасида янги босқичга олиб чиқади.

«Геосиёсий ўзгаришлар, тариф тўсиқлари, савдо чекловлари ҳукм сураётган дунёда ҳар бир йирик компания қаерда бизнес қилишни танлаши керак. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон жуда истиқболли давлатга Ўхшайди. Бу ерда саноатлаштириш жараёни жадал ривожланишига ишончимиз комил», — деб ҳисоблайди у.

Автосаноат

Mangold Consulting бошқаруви раисининг фикрича, Ўзбекистон автомобилсозлик саноатини ривожлантиришда Венгрия тажрибасидан фойдаланиши мумкин.

Тахминан 9 миллион аҳолига эга бўлган Венгрияда йиллик автомобиль ишлаб чиқариш 1,2 миллион атрофида, кейинги 3−4 йил ичида қисман янги сармоя ҳисобига 1,5 миллионга кўтарилиши кутилмоқда.

«Аввалига автосаноат бўлмаган мамлакат ҳам тезда муваффақиятга эриша олади. Бунинг калити — касбий кадрлар тайёрлаш тизими. Бугунги кунда Mercedes-Benz Венгрияда йилига 400 минг автомобиль ишлаб чиқаради — бу жуда катта кўрсаткич. Буларнинг барчасини ўқитилган маҳаллий мутахассислар қилмоқда. Лекин бунинг учун сармоя керак. Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш зарур — янги меҳнат қонунлари ҳамма нарсани тез амалга оширишга имкон беради», — деди у.

Мангольднинг таъкидлашича, бу, айниқса, минтақадаги бошқа мамлакатлар билан солиштирганда, сезиларли рақобат устунлигини таъминлайди. Масалан, Венгриядаги Mercedes-Benz заводида 7000 га яқин одам ишлайди, фақат битта топ-менежер Германиядан. Қолганларнинг ҳаммаси маҳаллий аҳоли.

«Бу инсон капиталига сармоя киритиш мамлакат амалга ошириши мумкин бўлган энг яхши сармоя эканини кўрсатади. Таълим, касбий тайёрлов, дуал таълим — бу муваффақият сари йўл», — деди спикер.

Экспертнинг фикрича, Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун очиш орқали давлат корхоналарини хусусийлаштиришга фаолроқ кўмаклашиши керак. Бу ушбу корхоналар самарадорлигини оширишга ва иш бошидаёқ ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга эришишга ёрдам бериши керак — 30−40% даражасида. Лекин бунинг учун малакали кадрлар тайёрлаш керак, деди у.

«Бу мамлакатнинг келажакдаги муваффақиятининг асосий омилларидан бири. Ва мен аминманки, ҳукумат бундан аллақачон хабардор ва тўғри йўналишда иш олиб бормоқда. Бироқ айрим қонунларни ўзгартириш ва хорижий инвесторларга хусусийлаштириш имкониятини бериш керак», — деди Мангольд.

Бундай ёндашув билан Ўзбекистон яқин келажакда минтақадаги асосий ўйинчи ва экспорт қилувчи давлатга айланиши мумкин.

Ўзбекистон ва Германия муносабати

Мангольднинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар, айниқса, савдо соҳасида жуда тез ривожланмоқда, бироқ Германиядан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар бўйича кўпроқ иш қилиш зарур.

У «яқин ҳафталарда» бош вазир Абдулла Арипов Германияга ташриф буюриб, янги шартномаларни имзолашини, бу «муносабатларга янги суръат бағишлаши, бунинг асосида сармоявий ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаш мумкин бўлишини» эслатди.

«Яна бир бор таъкидламоқчиман: мамлакат кўпроқ жасорат кўрсатиши ва хорижий инвесторлар учун янада жозибадор бўлиш учун олдинга қадам ташлаши керак, айниқса, хусусийлаштириш масалаларида. Бу саноатни ривожлантиришнинг асосий воситаси, деб ҳисоблайман. Ўзбекистонда катта табиий ресурслар мавжуд — масалан, мис ва бошқалар — ва, менинг фикримча, бу глобал занжирларга интеграция қилиш учун ажойиб платформар», — дейди Мангольд.

Шу сессияда BYD Central Asia бошқарув директори Иван Цао ҳам сўзга чиқди ва Ўзбекистонда Хитойнинг гибрид ва электромобилларини ишлаб чиқариш режалари ҳақида гапирди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *