• Пт. Июл 11th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Бухорода 17 ёшли бола бошқарувидаги Lacetti юк машинаси билан тўқнашди


Бухоро вилоятининг Бухоро туманида 17 ёшли бола бошқарувидаги Lacetti юк машинаси билан тўқнашди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ хабар берди.

Foto: Videodan kadr
Фото: Видеодан кадр

10 июнь куни соат 21:30 ларда ота-онасининг бандлигидан фойдаланган Бухоро шаҳридаги Олимпия захиралари мактабининг 11-синф ўқувчиси отасининг Lacetti автомашинасини бошқариб чиққан. У ўртоқлари — 10 ва 11-синф ўқувчилари ҳамроҳлигида Бухоро тумани кўчаларида ҳаракатланган. 

Бухоро тумани, “Работақалмоқ” маҳалласидан ўтувчи автомобиль йўлида Lacetti чап томонга қайрилаётган “Газел” юк машинаси билан урилади. Оқибатда ҳайдовчи ва автомашина салонида бўлган икки нафар йўловчи турли даражадаги оғир тан жароҳатлари олиб, касалхонага ётқизилган. 

Foto: Videodan kadr
Фото: Видеодан кадр

“Мен ўтиб кетаман деб ўйлагандим. У машина қайрилди. Кейин урилди. 17 ёшман, ота-онам ухлаган вақтда машинани олиб кетгандим”, дейди Lacetti бошқарган ўқувчи.

Ҳодиса оқибатида иккала транспорт воситасига ҳам жиддий техник зарар етган. Автомашиналар жарима майдончасига жойлаштирилган.

Foto: Videodan kadr
Фото: Видеодан кадр

“Lacetti ҳайдовчиси ва унга бошқарувни бергани учун ота-оналари жазога тортилиши аниқ. Энг ачинарлиси, Lacettiъдаги икки йўловчининг соғлиғига жиддий зарар етган”, дейилади хабарда.

Йўлларда болалар ўлими

2024 йил ноябрь ойида Жиззах вилоятининг Бахмал туманида Cobalt катта тезликда вояга етмаган икки қизни уриб юборди. Шунингдек, Самарқандда автобус мактаб яқинида йўлни кесиб ўтаётган болани уриб юбориб, унинг ўлимига сабаб бўлганди. Сурхондарёда 1-синф ўқувчиси Nexia уриб юборишидан вафот этганди.

Сенат берган маълумотга кўра, 2024 йилнинг 5 ойи давомида жами 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган ва 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган, 294 нафар ўқувчи эса турли даражада тан жароҳатлари олган. 2023 йилда болалар билан боғлиқ 1 794 та ЙТҲ юз бериб, уларда 1 568 нафар бола жароҳатланган, 263 нафари вафот этган.

Сентябрда Тошкентда BYD 9 ёшли мактаб ўқувчисини уриб юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлганди. Худди шу каби ҳолат июль ойида Навоий вилояти Хатирчи туманида содир бўлган. Катта тезликда ҳаракатланаётган BYD пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 9 ёшли қизалоқни босиб кетган. Ўша ойда Самарқандда 7 яшар бола автомобиль уриб кетиши оқибатида вафот этди. Апрелда Жиззахда содир бўлган ЙТҲ оқибатида икки нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлди. 

Болалар иштирокида аянчли ЙТҲлар кўпайгач, жамоат фаоллари йўлларда болалар ўлими учун сиёсий жавобгарлик бўлиши кераклигини айтди.

ЙТҲлар статистикаси

Ўзбекистонда 2025 йилнинг дастлабки уч ойида ЙТҲ содир этиши оқибатида 891 нафар шахс судланди. 

2024 йил давомида Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан 3 321 нафар шахс судланган. Уларнинг 917 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 2 404 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

2025 йилнинг I-чораги мобайнида ушбу модда билан 891 нафар шахс судланиб, уларнинг 173 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, 718 нафар фуқарога озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *