ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ёшдан келиб чиққан ҳолда пиёда мақомини жорий этиш таклифини ишлаб чиқди. Бу ҳақда 13 июнь куни ОАВ вакиллари учун ташкил этилган пресс турда маълум қилинди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

ЙҲХХ ташкилий бошқарма бошлиғи Фазлиддин Тошкенбоевнинг айтишича, пиёда мақомини бериш лойиҳаси халқаро тажрибада ҳам йўқ.

«Мактаб битирувчиси мақомини олиш учун аттестат бўлиши керак, институтни битирган бакалавр даражасини олишимиз учун диплом, фуқаро бўлишимиз учун паспорт бўлиши керак. Нима учун биз пиёдага мақом бермаймиз? Ваҳоланки, пиёдада ҳам масъулият бор-ку. Ҳозир яна бир таклиф, яъни пиёда мақомини бериш лойиҳасини ишлаб чиқдик. Бу бўйича ҳам фикрларингизни берсангиз, яхши бўларди. Бу нарса хориж тажрибасида ҳам йўқ», — дейди у.

йҳхх, пиёда, пиёда мақоми, фазлиддин тошкенбоев

Фазлиддин Тошкенбоев.

Унинг сўзларига кўра, болалар иштирокидаги ЙТҲлар болани қаровсиз қолдириш оқибатида ҳам содир бўляпти. Шу сабабли пиёда мақоми берилмоқда.

«Ота-она ўз фарзандини назорат қилишга масъул. Лекин кўпинча бола кўчада юради, уни қаровсиз қолдиришади. Транспорт воситаси эса тез ҳаракатланади. Биз ҳайдовчиларни чақириб, улар билан қоидабузарлик ёки ЙТҲлар бўйича кўп бор профилактик суҳбат ўтказамиз. Лекин пиёда сифатида юрадиганлар билан ҳеч ким ишламайди. Биз ҳозир „пиёда“ мақомини беришни таклиф қиляпмиз. Яъни ташкилотларда ишлайдиган фуқаролар пиёда сифатида ҳаракатланса, ўша идоранинг ўзи бундай ходимлари билан тарғибот ишларини ўтказиб, масъулиятни ҳис қилиши керак. Мактабда ўқийдиган пиёдалар билан муассаса раҳбарияти, боғча ёшида ёки маҳалладаги пиёдалар билан ота-оналар шуғулланиб, назорат қилиб бориши зарур. Лойиҳа шу мақсадда таклиф қилинмоқда», — дейди Тошкенбоев.

Лойиҳага кўра:

  • 3−6 ёш учун «катталарга муҳтож пиёда»;
  • 7−11 ёш учун «пиёда бола»;
  • 12−17 ёш учун «ўсмир пиёда»;
  • 17 ёшдан катталар учун «пиёда» мақоми белгиланмоқда.