Андижон вилоятидаги Пойтуғ бекатида 10 июнь куни темирйўлдаги цистернага чиққан эркакни ток урди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, бегона фуқаролардан бири станция ҳудудига кириб, иккинчи йўлда бўш турган цистернага чиқиб олган. У контакт тармоғидаги кучланиш таъсирига тушиб, ерга йиқилган.

Станция навбатчи ходими тез тиббий ёрдам бригадасини чақирган. Жабрланувчига зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, тиббиёт муассасасига олиб борилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода эркак вагон юқорисида танаси ёнишни бошлаган ҳолда ёпишиб қолгани, сўнг ўзини пастга ташлагани кўринади.

ЎТЙ фуқаролардан темирйўл ва инфратузилма яқинида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш кераклигини эслатиб ўтди. «Темирйўл инфратузилмаси объектларига ўзбошимчалик билан кириш ҳаёт ва соғлиқ учун жиддий хавф туғдиради», — дейилади хабарда.