• Пт. Июл 11th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Ерларни хитойликларга бериш тўғрисидаги баёнотлар асоссиз» — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги


Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Ургут тумани мансабдор шахси иштирокида тарқалган видеога муносабат билдирди. Видеода «экин экишни истамаганларнинг ери хитойликларга берилади», деган жумла янграган.

Амалдорнинг айтишича, пилла, ғалла ва пахта етиштириш режасини бажармаган, солиқ тўламаган фермер хўжаликларининг ерлари хитойлик инвесторларга берилади. Унинг сўзларига кўра, Хитойдан келган инвесторлар аллақачон ушбу ҳудуддаги ерлар билан таништирилмоқда.

Вазирликнинг эслатишича, қонунчиликка кўра, фермер хўжалиги — ер участкаларидан ижара асосида фойдаланувчи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркор.

«Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддасида давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ёки улар мансабдор шахсларининг фермер хўжаликлари фаолиятига аралашиши тақиқланиши қатъий белгилаб қўйилган.

Ер кодексининг 24-моддасига кўра, ер участкасини ижарага бериш шартномаси фақат тарафларнинг келишувига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.

«Демак, ҳар қандай ташқи босим, таҳдид ёки мажбурлаш орқали фермерларни ердан маҳрум қилишга уриниш — амалдаги қонунчиликка мутлақо зиддир», — дея таъкидлайди идора.

Ерни чет элликларга бериш масаласига келсак, вазирлик эслатади: Ўзбекистонда ер фақат давлат мулки ҳисобланади ва уни чет эл фуқаролари ёки компанияларига мулк қилиб бериш тақиқланади (Ер кодексининг 16-моддаси).

Шу сабабли, Хитой фуқаролари ёки компанияларига ер ажратиш тўғрисидаги баёнотлар асоссиз, қонунга зид ва ҳақиқатга тўғри келмайди, дея таъкидлади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Идора Ургут туманидаги ҳолат юзасидан ҳуқуқий текширув ўтказилаётганини маълум қилиб, қонунийлик, тенглик ва аграр сектор барча иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойилларига содиқлигини яна бир бор таъкидлади.

«Инвестицияларни жалб қилиш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш фақат ихтиёрийлик, қонунийлик ва тенглик тамойиллари асосида мумкин,» — дейилади баёнотда.

Фермер ва тадбиркорлар ўз ҳуқуқларини билиши, зарур ҳолларда фаолиятига ноқонуний аралашилган тақдирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ёки прокуратура органларига мурожаат қилишлари сўралди.

Март ойида Кадастр агентлиги хитойликлар Тошкентдан ер сотиб олаётгани ҳақидаги хабарларни рад этганди. Қонунчиликка кўра, чет элликлар ерни ижарага олишлари мумкин, лекин уни хусусийлаштириш ҳуқуқига эга эмаслар.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *