13 июнь куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида Octobank ва Humans ўртасидаги иқтисодий иш бўйича ҳал қилув қарори эълон қилинди. Суд ҳужжатига мувофиқ, Humans’нинг зиммасига банк олдидаги қарздорликни қоплаш мажбурияти юклатилди, дея хабар қилди Octobank.

«Octobank ушбу ҳал қилув қарорини ўзининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида муҳим қадам деб билади ва барча ҳамкорлар билан шаффоф, адолатли муносабатларни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлайди», — дейилади банк хабарида.

Аввалроқ банк 500 млрд сўмдан ортиқ қарздорликни ундириш ва етказилган зарарни қоплаш бўйича Humans’га қарши иқтисодий иш қўзғатилганини маълум қилганди.

13 июнь соат 18:00 дан бошлаб клиринг ва Humans молиявий хизмати доирасида чиқарилган карталар бўйича операцияларни амалга ошириш тўлиқ тўхтатилди.

Ўз навбатида Humans ҳам Octobank’ка нисбатан «шартнома мажбуриятларини мунтазам равишда бажармагани» учун қарши даъво қўзғатганини хабар қилганди.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойи бошида Humans брендига эгалик қилувчи Сингапурнинг Humans Mobile компанияси Ўзбекистонга қарши арбитраж ишини қўзғатгани маълум бўлганди. У давлат органлари, жумладан, Марказий банк ва «Ўзбектелеком»ни ҳуқуқларини бузганликда айблаган.

5 июнь куни эса «Ўзбектелеком» антимонополия органига шикоят ва халқаро арбитражга даъво аризаси киритган Humans виртуал операторининг даъволарини рад этди. Компаниянинг таъкидлашича, Humans «Ўзбектелеком» мобил алоқа тармоғидан фойдаланган ҳолда даромад олишда давом этмоқда, аммо қарзларини тўлашни кечиктирмоқда.