• Пт. Июл 11th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Йил якунигача 410 та мактаб олдида радарлар ўрнатилади» — ЙҲХХ


2025 йилнинг январь-март ойида мактаблар олдида вояга етмаганлар иштирокида бирорта ҳам йўл транспорт ҳодисаси содир бўлгани йўқ. Бу ҳақда 13 июнь куни ОАВ вакиллари учун ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ташкил этилган пресс турда маълум қилинди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

Тадбирда қайд этилишича, президентнинг 316-сонли қарорига асосан, ЙҲХХда махсус синфхона ташкил этилган. Таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш гуруҳи катта инспектори Фарруҳ Мирзабоевга кўра, мазкур хона боғча ва мактаблар атрофида болалар иштирокида содир этилиши мумкин бўлган ЙТҲларнинг олдини олишга қаратилган ҳамда бу ерда чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

«Ҳозирги кунда мамлакат бўйича жами мактаблар сони 10 минг 770 тани ташкил этади. Ўқувчилар эса 6 миллион 670 минг нафар атрофида. „Хавфсиз болалик“ дастури доирасида мактаблар олдига 208 та чақирув тугмали ва 217 та кўчма светофорлар ўрнатилди. Франция тажрибаси асосида 865 та қавариқ пиёдалар ўтиш жойи қилинди. 1 минг 599 та сунъий нотекислик, 7598 та темир панжара, мактабларга яқин ҳудудларга 109 та камера ўрнатилди. 5 минг 150 та мактабда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини ўргатувчи махсус синфлар ташкил этилиб, ўқувчилар учун 42 минг 300 дан ортиқ „хавфсиз йўналиш харитаси“ ишлаб чиқилди», — дейди у.

Фарруҳ Мирзабоев. Фото: Орифжон Ҳошимов / Gazeta

«Йўл ёқасида жойлашган мактабларга йўл патрул хизмати инспекторлари бириктирилди. Улар соат 07:00 да хизмат фаолиятини бошлайди ва айнан болаларни йўлдан ўтишига масъул ҳисобланади. Қилинган бу каби ишлар натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида мактаблар олдида вояга етмаганлар иштирокида бирорта ЙТҲ содир бўлмади», — дейди Фарруҳ Мирзабоев.

Масъулларга кўра, 2025 йилда «Хавфсиз болалик» дастури доирасида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

Магистрал йўлларда:

  • 3 минг 224 та йўл белгилари ўрнатиш;
  • 325 км тротуар ташкил этиш;
  • 28 та ер ости ёки ер усти пиёдалар ўтиш жойлари қуриш;
  • 410 та мактаб олдида «Хавфсиз йўл — хавфсиз пиёда» жамғармаси ҳисобидан радарлар ўрнатиш.

Шаҳар кўчаларида:

  • 320 та қавариқ пиёдалар ўтиш жойлари, 650 та сунъий нотекисликлар ташкил қилиш;
  • 272 та тугмали светофор ўрнатиш;
  • 197 км тротуар ташкил этиш;
  • 2 минг 491 та мактабда ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари фаолиятини йўлга қўйиш.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё Раҳмонова ИИВ ЙҲХХ раҳбари Шерзод Ибрагимов билан учрашувда йўлларда болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кенгайтирилганига қарамай, улар ҳали ҳам етарли эмаслигини таъкидлаб, бу масалани ҳар томонлама кўриб чиқиш кераклигини айтган эди.

2024 йил ноябрь ойида БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва болалар омбудсмани офиси Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар вазиятининг таҳлилини тақдим этган ҳамда унда болалар ва ўсмирлар ўртасидаги ЙТҲларда ўлим ва жароҳатлар кўпайгани айтилганди. Батафсил ва долзарб статистик маълумотларнинг йўқлиги асосий муаммо сифатида белгиланган.

Ўтган йилнинг ёзида Сенатда статистик маълумотлар тақдим этилганди, унга кўра, 2024 йилнинг биринчи беш ойида 359 нафар ўқувчи иштирокида ЙТҲ содир бўлган, улардан 65 нафари ҳалок бўлган, 294 нафари тан жароҳати олган. 2023 йилда болалар иштирокида 1794 та ЙТҲ рўй берган, 1568 нафар бола жароҳат олган, 263 нафари ҳалок бўлган. ЙТҲларнинг энг кўп учрайдиган сабаблари сифатида йўл инфратузилмасидаги камчиликлар ва ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслиги келтирилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *