• Вт. Июл 15th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Қозоғистон биринчи АЭС қурилиши учун «Росатом»ни танлади – Gazeta


Танлов натижаларига кўра, Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси Қозоғистонда биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича халқаро консорциум етакчиси деб топилди. Бу ҳақда Қозоғистон Атом энергияси агентлиги хабар берди.

«Идоралараро комиссия барча аризаларни интеграциялашган баҳолашни кўриб чиқиб, „Росатом“ таклифларини Қозоғистон учун энг мақбул ва фойдали деб топди», — дейилади хабарда.

Музокаралар реактор технологияларининг тўртта етказиб берувчиси — «Росатом» (RF), CNNC (Хитой), EDF (Франция) ва KHNP (Жанубий Корея) билан «очиқ ва рақобатбардош мулоқот усули»да олиб борилгани айтилади.

Ҳар бир компания материалларнинг тўлиқ тўпламини тақдим этди — тахминий нарх ва амалга ошириш муддатларидан тортиб маҳаллийлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва ядро-ёқилғи циклида иштирок этиш сценарийларигача.

Франциянинг Assystem компанияси «Қозоғистон атом электр станциялари» МЧЖ билан ҳамкорликда хавфсизлик, технология, финмодель ва маҳаллийлаштиришни ўз ичига олган комплекс баҳолаш методологиясини ишлаб чиқди.

Таҳлил натижаларига кўра, иккинчи ўринни Хитойнинг CNNC, учинчи ўринни EDF ва KHNP эгаллади.

Агентликнинг аниқлик киритишича, «Россия Федерацияси ҳисобидан давлат экспортини молиялаштиришни жалб қилиш масаласини ишлаб чиқиш» аллақачон бошланган. Шу билан бирга, бошқа ҳамкорлар иштирокида халқаро консорциум тузилади.

Режада — Хитой иштирокидаги яна бир АЭС

Агентлик раиси Алмасадам Саткалиев «объектив равишда энг кучли таклифлар Хитой ва Россияда бўлганини» таъкидлаб, иккинчи станция бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди.

«ХХР билан атом соҳасида ҳамкорлик бўйича алоҳида бош келишув имзоланиши режалаштирилган. Ва биз яна бир АЭС қуриш учун Хитой технологияларини Қозоғистонда кўришни истаймиз. Объектив равишда, дунёда бутун атом циклини ўз кучи билан енгиб ўта оладиган мамлакатлар кўп эмас. Ва, шубҳасиз, Хитой барча зарур технологияларга, барча саноат, саноат базасига эга бўлган мамлакатлардан бири ва бизнинг навбатдаги устувор вазифамиз ХХР билан ҳамкорлик қилишдир», — деди у.

Агентлик раҳбарининг таъкидлашича, Хитой томони билан музокаралар ўтказилади.

«Бизда келишувлар жуда юқори даражада. Биз Хитой тажрибасини ўзлаштиришдан манфаатдормиз, уларнинг қурилишни тез ва сифатли амалга ошириш имкониятини тушунамиз ва бу борада ишларни бошлаб юбордик. Агентлигимиз тенг равишда самарали консорциумларни шакллантириши керак», — дея қўшимча қилди Саткалиев.

  • Қозоғистонда биринчи АЭСни Олмаота вилоятида қуриш қарори ҳақида 2019 йилда маълум бўлганди. 2023 йилда унинг қурилиши 10−15 миллиард долларга баҳоланган. Ўтган йили Қозоғистонда референдум бўлиб ўтди, унинг натижаларига кўра, республикада АЭС қурилишини овоз берганларнинг 71,12 фоизи қўллаб-қувватлади.
  • Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев биринчи АЭСни лойиҳалаш учун Қозоғистонга тахминан 2−3 йил керак бўлишини, қурилишнинг ўзига эса 8 йилдан 10 йилгача вақт кетишини таъкидлаган. 2800 МВт гача қувватга эга бўлган атом электр станциясини қуриш режалаштирилмоқда.
  • Қозоғистон Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда мамлакатдаги электр энергиясининг 66 фоизи кўмир станциялари ҳисобидан ишлаб чиқарилмоқда. Вазирликнинг прогнозларига кўра, 2035 йилга бориб Қозоғистонда электр энергияси истеъмоли 152,4 миллиард кВт/соатгача ўсади, амалдаги энергия манбаларини ишлаб чиқариш эса 135 миллиард кВт/соатдан камроққа камаяди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *