Uzbekistan Airways авиакомпанияси 16 июндан 30 июнгача Тошкент — Тель Авив — Тошкент йўналиши бўйича парвозларни тўхтатишга мажбур бўлганини маълум қилди. Бу Тель Авивдаги Бен-Гурион аэропортининг ёпилиши билан боғлиқ, дейилади хабарда.

Эрон ҳаво ҳудудидан фойдаланиш бўйича чекловлар туфайли компания июнь ойи охиригача Тошкентдан Дубай ва Шарм аль Шайхга ва ортга парвозлар жадвалига ҳам ўзгартиришлар киритди.

Эрон ҳаво ҳудуди ёпилиши муносабати билан Тошкент — Дубай йўналиши бўйича парвоз йўналиши ўзгарди, деб хабар берди Centrum Air.

Qanot Sharq компанияси 14 ва 15 июнь кунлари Тель Авивга парвозлар бекор қилингани ҳақида хабар берди, Air Samarkand 15 июнь куни Самарқанддан Тель Авивга парвозни бекор қилди.

Uzbekistan Airports маълумотларига кўра, хорижий авиакомпаниялар ҳам Тошкентга бир нечта рейсларни бекор қилган:

  • FlyDubai авиакомпаниясининг Дубай — Тошкент — Дубай йўналиши бўйича FZ-1945/1946 рейслари;
  • Air Arabia авиакомпаниясининг Шаржа — Тошкент — Шаржа йўналиши бўйича G9−270/271 рейслари;
  • «Asia Union» авиакомпаниясининг Тошкент — Мадина — Тошкент йўналиши бўйича 7q-141/142 рейслари.