Хоразм вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида DAF юк автомашинаси юкхонасида яширилган, оғирлиги 49 килограмм 599 грамм бўлган опий гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу моддани контрабанда йўли билан Тожикистон Республикасидан олиб кирган 1990 йилда туғилган, Сурхондарё вилояти, Шеробод туманида яшовчи фуқаро қорақалпоғистонликларга сотиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Тўрткўл туманига олиб келган.

ДХХнинг Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари томонидан аниқланган ҳолат юзасидан терговга қадар текширув давомида моддани Хоразм ҳудудида сотиш режалаштирилгани аниқланган. Гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 28, 246-моддаси 2-қисми (Контрабанда) ва 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф муомалада бўлиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.

Тергов доирасида ушбу жиноятда гумонланувчининг шерикларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.