Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов такси ҳайдовчиларининг ўз ҳудуди ва қўшни вилоятларда ишлаши чекланганини рад этди. Бу ҳақда у «Газета»га берган изоҳида айтиб ўтди.
Транспорт вазирлиги раҳбари Вазирлар Маҳкамасининг 2 апрелдаги таксилар фаолиятини тартибга солувчи ва ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган қарори нотўғри талқин қилинганини айтди.
Илҳом Маҳкамов вилоятлардан келган такси ҳайдовчилари Тошкент шаҳрини иш жойи сифатида кўрсатиб лицензия олса, қонуний асосда пойтахтда ишлаши мумкинлигини таъкидлади.
Унинг билдиришича, лицензия фақат у берилган ҳудудда амал қилади ва бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳудудларда ишлашга рухсат берилмайди.
Бундан ташқари, амалдаги талабларга кўра, шаҳарлараро ташиш алоҳида лицензия билан тартибга солинади ва шаҳарда ташиш ҳуқуқини бермайди. Яъни вилоятлар ўртасида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар шаҳар ичида такси хизмати кўрсата олмайди.
Бу нима учун зарур?
Вазирнинг сўзларига кўра, қарор, биринчи навбатда, ҳудудлар бўйича статистик ҳисобни юритиш, шунингдек, ҳайдовчиларнинг иш ва дам олиш тартибини назорат қилиш мақсадида қабул қилинган.
Айни пайтда такси ҳайдовчиларининг катта қисми стандарт иш вақтидан кўпроқ ишлайди ва лицензияга эга эмас.
Вазирнинг эслатишича, бизнеснинг кўп турлари ҳудудий миқёсда лицензияланади ва такси фаолияти ҳам бундан мустасно эмас.
Яқин кунларда идорадан расмий тушунтириш кутилмоқда.
Эски ва янги низомларда нима ёзилган?
2011 йилдан бошлаб йўналишли таксилар учун ягона белгилар ва уларнинг ишини ташкил этишга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомнинг 9−1-бандига мувофиқ йўналишли такси ҳайдовчиси йўловчиларни лицензия картасида кўрсатилган ҳудудда ташийди. Шу билан бирга, йўловчилар ва багажни йўналишли таксида лицензия картасида кўрсатилган ҳудуддан ташқарига олиб ўтишга жўнаш пункти ушбу ҳудудда, белгиланган манзил эса ҳудуддан ташқарида бўлгандагина рухсат этилади.
2025 йил 2 апрелда тасдиқланган янги низомда (аввалгиси бекор қилинган) ҳайдовчи лицензияда кўрсатилган ҳудудда, шунингдек, унга туташ ҳудудда ҳам ҳаракат қилиши мумкинлиги қайд этилган. Бунда лицензияда кўрсатилган ҳудуд транспорт воситасининг давлат рўйхатидан ўтказилган рақамининг ҳудудий коди асосида белгиланади. Регламентнинг ушбу қисми аниқлаштиришни талаб қилади, чунки давлат рақами рўйхатдан ўтган жой бўйича берилади.
Бундай чекловларни жорий этиш имконияти илк бор 2024 йилнинг апрель ойида Lolazor подкасти иштирокчилари томонидан муҳокама қилинганди. Ўшанда Солиқ қўмитаси Тошкент, Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари ҳайдовчилари онлайн агрегаторлар орқали пойтахтда йўловчи ташиётгани ҳақида хабар берганди.
Мутахассислар, шунингдек, Халқ демократик партияси ва «Адолат» социал-демократик партияси таксистлар ишини фақат ўз ҳудуди билан чегаралашни фуқаролар ҳуқуқларининг бузилиши, деб атади.