Тошкент вилоятининг Паркент туманида 3 нафар бола сувга чўкиб ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов буни тасдиқлади.
Унинг билдиришича, ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилди. Текширишда мутасадди ташкилотлар томонидан Паркенцой каналидаги сув оқим бўйлаб ҳосил бўлган, чуқурлиги тахминан 2 метрни ташкил этган сув ҳавзасида тақиқловчи белгилар ўрнатилмагани, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмагани, ёхуд суъний ташкил топган сув ҳавзасини бартараф этиш чоралари кўрилмагани аниқланди.
Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни текшириш ҳамда бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказиш лозимлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ва 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳаёт Шамсутдиновнинг “Дарё” сўровига кўра маълум қилишича, чўкиб кетган болалар 13, 12, 11 ёшда бўлган. Барча зарур тергов ҳаракатлари ўтказилганидан сўнг иш бўйича қонуний тўхтамга келинади.
5 июнь куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида уч нафар вояга етмаган бола сунъий сув ҳавзасига чўкиб кетган эди. Ҳозирда прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Май ойининг бошларида эса Тошкентнинг Бўрижар каналига тушиб кетган қизларни қутқарган эркакнинг ўзи ҳалок бўлганди. Давлат раҳбари марҳумнинг рафиқаси ва фарзандларига ҳамдардлик билдирди ва марҳум Абдуманноп Самиқов “Жасорат” медали билан мукофотланди. Мукофот унинг оила аъзоларига топширилди. Марҳумнинг турмуш ўртоғига моддий ёрдам тариқасида 50 млн сўм топширилди.
Айни пайда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ёз мавсумида сувда чўкиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида кенг кўламли профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Тегишли мутахассислар иштирокида ўтказилган ўрганишлар натижасида республика бўйлаб 2 004 та чўмилиш тақиқланган сув объектлари аниқланиб, улар рўйхатга олиниб, назоратга олинган.