Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда йўл инфратузилмаси ва транспорт бошқаруви соҳасидаги мавжуд вазиятни танқид остига олди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги етти йилда йўл қуриш ва таъмирлашга берилган 61 триллион сўмнинг асосий қисми халқаро ва республика йўлларига тўғри келади. Лекин ўлим билан боғлиқ автоҳалокатнинг 75−80 фоизи ҳам шу йўлларда бўляпти.

Давлат раҳбари, шунингдек, аҳоли жамоат транспорти сифати ва тирбандликлардан мутлақо норози эканини қайд этди. У аҳолининг яна бир эътирози — йўллардаги камералар дислокацияси эканини қайд этаркан, улар фақат қоидабузарликни қайд этиб, жарима ёзиш учун ишлаётганини таъкидлади.

Унинг фикрича, бу камералар аслида транспорт оқимини бошқариш, тирбандлик ва аварияни камайтиришга хизмат қилиши керак.

Мирзиёев, шу билан бирга, чорраҳа, чизиқ ва йўл белгиларини тўғрилаш, светофорларни «ақлли» бошқарувга ўтказиш бўйича ишлар сустлигини танқид қилди.

Пойтахтда транспорт ҳаракатини сунъий интеллект асосида тартибга солиш бўйича тақдимот қилинганига ҳам анча вақт бўлгани, лекин натижа йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Май ойида ҳукумат ИИВга йил охиригача чорраҳа ва йўллардаги йўл ҳаракати қоидалари бузилишини фиксацияловчи камералар ва радарларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказишни буюрганди. Рухсатсиз ёки ноқонуний ўрнатилган техник жиҳозлар демонтаж қилинади.