Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқиш арафасида мамлакат учун янги брендни шакллантиришга қаратилган Uzbekistan: Land of Talents («Ўзбекистон — истеъдодлар замини») глобал кампаниясига старт берилди. Унда Ўзбекистон турли соҳалардаги истеъдодлар юрти сифатида тақдим этилади.
Кампаниянинг дастлабки босқичи Тошкент шаҳри ҳокимлиги ташаббуси билан Zo‘r TV телеканали ҳамкорлигида ўтказилган «Ўзбекистон — истеъдодлар замини» ёшлар ҳаракати билан бошланди. 10 июнь куни марказий пойтахт майдонида ўйин ва тақдирлаш маросими ҳамда «Салом, Мундиал!» супершоуси намойиш этилди.
Ташаббус Uzbekistan’s Club жамоаси томонидан илгари сурилган бўлиб, Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан биргаликда қуйидаги лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган:
- миллий терма жамоани қўллаб-қувватлашга қаратилган креатив мерчлар коллекцияси;
- футболчиларга бағишланган мусиқа ва мадҳия;
- халқаро ижтимоий тармоқлар учун махсус чалленж;
- «Ўзбекистонлик» туркумидан бадиий-ҳужжатли фильмлар;
- ФИФА ва йирик футбол мамлакатларида ўтказиладиган анжуманлар;
- FIFA World Stars билан ўртоқлик ўйинлари;
- АҚШ ва Канададаги ватандошлар иштирокидаги «Ўзбекистонлик» кубоги;
- Жаҳон чемпионати ўйинларининг оммавий кўрсатувлари.
Ташаббус муаллифлари Ўзбекистонни «истеъдодлар етишиб чиқадиган мамлакат» сифатида танитишни мақсад қилган. Аҳолининг ўсиши ва таълим тизимидаги ислоҳотлар ҳисобига мамлакат демографик афзалликдан унумли фойдаланиши зарур, дейилади кампания концепциясида. Бу йўлда хорижда муваффақиятга эришаётган ватандошлар тажрибаси, уларнинг саъй-ҳаракатлари ва жамиятдаги ролини ошириш алоҳида аҳамият касб этади.
Uzbekistan: Land of Talents — инсон капиталига асосланган Ўзбекистон брендини илгари сурувчи лойиҳа ҳисобланади. Ташкилотчилар фикрича, бугунги кунда табиий ресурслар эмас, балки билим, креативлик ва интилувчанлик асосидаги соҳалар — IT, молия, хизмат кўрсатиш ва маданият — иқтисодий тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланиши керак. Кампания кенг кўламли ва стратегик тусга эга бўлиб, уни амалга оширишда Капиталбанк, Uzum ва Ucell компаниялари ижтимоий масъулият доирасида иштирок этмоқда.
4 июнь куни Uzbekistan’s Club журналининг навбатдаги сони ҳам тақдим этилди. Журнал муқовасида «Манчестер Сити» футболчиси Абдуқодир Ҳусанов тасвирланган бўлиб, унинг янги нашри прогрессив ўзбекистонликларнинг истеъдодлари, илғор ғоялар ва глобал қарашларни ёритишга хизмат қилади.