Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Анор» оромгоҳида украиналик болалар Ўзбекистонда ташкил этилган дам олиш ва реабилитация дастурини якунламоқда. Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Николай Дорошенко ўзининг Facebook саҳифасида уларнинг мамлакатдаги саёҳати ҳақида маълумот қолдирди.
12 кун давомида Харьков, Херсон, Николаев, Запорожье, Суми, Хмельницкий, Львов ва Киевдан келган 100 га яқин болалар маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирларда иштирок этди.
Оромгоҳдаги кундалик тадбирлар интеллектуал ўйинлар, спорт мусобақалари, экологик акциялар, ижодий танловлар ва ўзбек миллий маданияти билан танишишни ўз ичига олди, деб хабар берди дам олишни ташкил этиш учун масъул бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизмати Gazeta`га. Шунингдек, меҳмонлар учун халқ ҳунармандчилиги — кулолчилик, наққошлик ва ёғоч ўймакорлиги бўйича маҳорат дарслари ўтказилди. Тадбирларда нафақат болалар, балки гуруҳга ҳамроҳлик қилувчи педагоглар ҳам қатнашди.
Дастур якунида Тошкент бўйлаб экскурсия бўлиб ўтди. Болалар Ўзбекистон пойтахтининг тарихий обидалари билан танишди, Абул Қосим мадрасаси, Темурийлар тарихи давлат музейи ва Тарас Шевченко хиёбонида бўлиб, украиналик шоир ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Кеча, 15 июнь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов болалар билан учрашув ўтказди. Тадбирда барча меҳмонларга фаоллиги учун фахрий ёрлиқлар ва ақлли соатлар совға ўлароқ топширилди. Ташриф аввалида болаларга Тошкентдаги Human House галереясидан эсдалик совғалари — Шаҳрисабзнинг қўлбола дўппилари ҳам топширилди.
Болалар учун дастурни ўтказишда Ўзбекистон Маданият, спорт ва экология вазирликлари, Туризм қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Бадиий академия, «Заковат» интеллектуал клуби, «Баркамол авлод» ривожланиш марказлари ва Ҳунармандлар уюшмаси мутахассислари иштирок этди, дея аниқлик киритди федерация.