• Вт. Июл 15th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Концертни тадбиркорлар ташкиллаштирмоқда». Маданият жамғармаси — Женнифер Лопеснинг концерти харажатлари, «Бунёдкор» стадионининг ҳолати ҳақида


16 июнь куни АОКАда ўтган матбуот анжуманида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Туризм қўмитаси вакиллари креатив туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳамда 7 август куни Ўзбекистонда илк бор ўтадиган Женнифер Лопеснинг концерти ҳақида маълумот берди.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимовнинг сўзларига кўра, америкалик хонанданинг Ўзбекистондаги концерти Up All Night — Live in 2025 жаҳон турнеси доирасида бўлиб ўтади. Унинг мамлакатга келиб-кетиши ва концерти харажатлари учун давлат бюджетидан маблағ сарфланмаяпти, тадбирни тадбиркорлар ташкиллаштирмоқда.

«Женнифер Лопезнинг Ўзбекистонга ташриф буюриши билан боғлиқ барча харажатлар давлатдан бир тийин ҳам маблағ олинмасдан амалга ошириляпти. Тошкентдаги тадбирлар ташкиллаштирадиган ҳамкор фирмалар билан биргаликда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан тадбир ташкиллаштирилмоқда. Лопезнинг Тошкентга келиб-кетиши, гонорари, барча харажатлари тадбиркорлар томонидан амалга оширилади», — дея таъкидлади жамғарма вакили.

«Бунёдкор» стадионини концерт дастури ўтказишга тайёрми?

Маълум қилинишича, концерт дастури бўлиб ўтадиган Тошкентдаги энг катта футбол стадиони майдони техник жиҳатдан ҳам, газоннинг хавфсизлиги томонидан ҳам концерт ўтказишга тайёр.

«Тадбиркорларимиз хонанданинг ишчи гуруҳи билан шартнома тузишга келишишидан олдин концерт ўтиши режа қилинган „Бунёдкор“ стадионида 2 та тажриба ўтказиб кўрдик. Майдонга тушадиган босим юкламаси қанчалик бардошли эканини текшириб кўриш учун махсус қурилмаларни олиб келдик», — деди Элмурод Нажимов.

Тажриба вақтида 2 кв метр майдонга ярим тонна оғирликдаги юкни қўйиб, уни 2 суткага ўша ерда қолдирдик. Уни очиб текширганимизда, ўша ердаги газоннинг ҳолати яхши эканини кўрдик. Эксперимент яхши ўтди. Техник жиҳатдан ҳам, газоннинг хавфсизлиги томонидан ҳам майдон концерт ўтказишга тайёр, дея таъкидлади у.

Шунингдек, тадбирда қатнашган журналистлар хонанданинг чиқишларидаги хатти-ҳаракати мамлакатдаги маданиятга нисбатан ўзгача экани, шу нуқтаи назардан бу ҳолат бўйича ташкилотчиларнинг фикрини сўради.

«Ҳозир Лопезнинг ташкилий ишчи гуруҳи билан мунозаралар олиб боряпмиз, яъни биз ҳам тўхтаб турганимиз йўқ. Биз бу жараёнда давлат ташкилоти сифатида тадбиркорларга кўмак беряпмиз. Тадбирни тадбиркорлар ташкиллаштирмоқда… Агар биз шу тадбирни чиройли тарзда ўтказиб, халқаро маданий аренага шу каби тадбирларга тайёрлигимизни кўрсатиб бера олсак, Женнифер Лопездан ҳам кучли бўлган жаҳон юлдузларининг Ўзбекистонда концерт бериш эҳтимоли фоизи ортади», — дея тушунтирди Элмурод Нажимов.

Бундан ташқари, тиғиз иш графиги туфайли санъаткорнинг Ўзбекистонда Тошкентдан ташқари бошқа вилоятларга ташрифи ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Келтирилишича, ҳар бир давлатда бериладиган концерт дастурлари орасида фақат 2 кун бўш вақт мавжуд ва бу вақтда хонанда дам олади, бошқа мамлакатга парвозини амалга оширади.

Эслатиб ўтамиз, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси аввалроқ Женнифер Лопеснинг Тошкентдаги концертига чипталарнинг 40 фоизини 35 дан ортиқ давлат фуқаролари томонидан сотиб олиб бўлингани ҳақида хабар берганди.

Буюртмаларнинг асосий қисми МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари: Қозоғистон, Россия, Қирғизистон, Тожикистон, шунингдек, МДҲдан ташқари давлатлар, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония, БАА, Жанубий Корея, Канада ва Саудия Арабистонига тўғри келади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *