• Вт. Июл 15th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Дўстлик»дан Янги Тошкентгача метро 21 км, 9 бекатли бўлади


Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни Тошкент шаҳрида режалаштирилган қурилиш ва жамоат транспорти лойиҳалари тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Тақдимотда айтилишича, янги лойиҳалаштирилаётган кўп қаватли биноларнинг хавфсизлик талабларига мослиги қайта ўрганиб чиқилган. «ЎзГАШКЛИТИ», Фанлар академияси Сейсмология институти, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, санитария-эпидемиология каби 10 га яқин ташкилотнинг илмий-техник хулосалари олинган. Янги талабга кўра, кўп қаватли биноларнинг зилзилага бардошлилиги 9 баллдан кам бўлмайди. Ҳар бир шундай лойиҳа бўйича йиғма хулосалар қилинади.

Осмонўпар иншоотлар, янги мажмуалар кўпайгани сари уларга барқарор электр энергияси ҳам зарур. Шу боис Чилонзор туманида 160 мегаваттли янги «Сувсоз» нимстанцияси қурилиши режалаштирилган. Бу орқали шу ҳудуддаги бўлажак лойиҳалар учун қўшимча қувват пайдо бўлади, ҳозирги тармоқларга юклама тушмайди.

Шунингдек, ушбу туманда 20 минг метр куб сиғимга эга сув резервуари қурилиши мўлжалланган. Натижада Шайхонтохур, Чилонзор ва Учтепа туманларида ичимлик суви таъминоти узлуксизлиги таъминланади. Кунига қарийб 8 минг киловатт соат электр тежалади.

Тошкент шаҳри кўплаб ишбилармонлик тадбирлари, форум ва кўргазмаларга мезбонлик қилмоқда. Шундай жойлардан бири Central Asian Expo Uzbekistan — CАEх мажмуаси. Халқаро анжуманлар доирасида турли учрашувлар ҳам ўтказилишини инобатга олиб, бу ерда музокара заллари қурилиши кўзда тутилган.

Шаҳар жозибадорлигининг яна бир муҳим омили — қулай жамоат транспорти. Пойтахтда ҳам автобус, ҳам метрополитен йўналишлари изчил кенгайтириб борилмоқда.

Аввал хабар қилинганидек, метрополитенни Тошкент трактор заводи даҳасигача олиб бориш режалаштирилган. Буни 2 босқичда амалга ошириш назарда тутилмоқда. Биринчи босқичда Чилонзор йўлининг Пушкин бекатидан Тошкент ҳалқа йўлигача ер юзаси бўйлаб метро йўли қурилади. Иккинчи босқичда у ердан Тошкент трактор заводи даҳасининг шоҳ бекатигача ерости йўли ташкил этилади.

caex, жамоат транспорти, метро, сувсоз нимстанцияси, тошкент, янги тошкентга метро

Шунингдек, транспортлар ҳаракатига қулайлик яратиш мақсадида мазкур темирйўлни Тошкент ҳалқа йўли остидан ўтказиш назарда тутилмоқда. Ерости йўналиши ҳам кўчадаги ҳаракатни тўхтатмаган ҳолда қурилади. Бу янги метро йўли 85 минг йўловчини қамраб олиши кутилмоқда.

Бу соҳадаги яна бир истиқболли лойиҳа — Янги Тошкент шаҳрига метро йўли. У ҳозирги «Дўстлик» метро бекатидан бошланиб, янги марказгача боради. Узунлиги 21 километр, 9 та бекатдан иборат бўлиши кутилаётган бу метро кунига 230 минггача йўловчиларни қамраб ололади.

Тақдимотда ушбу лойиҳаларнинг техник-иқтисодий жиҳатлари кўриб чиқилди. Давлат раҳбари қурилиш сифати ва маданиятини ошириш, одамларга қулай шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Аввалроқ Янги Тошкент шаҳрини қуриш дирекцияси директори Давронжон Одилов Янги Тошкентда «эски» Тошкент билан боғланган трамвай ва метронинг ягона тармоғини қуриш режалаштирилаётганини маълум қилганди. «Янги шаҳарга метрода 30−35 дақиқада етиб бориш мумкин… Автомобилда келишга эҳтиёж қолмайди» , — деганди қурилиш вазири ўринбосари.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *