• Вт. Июл 15th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда келажакдаги Adobe’ларни, Nintendo’ларни кўрдим — Юта штати Сенати президенти


Май ойида АҚШнинг Юта штати Сенати аъзолари ва бизнес доиралари вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф билан келди. Gazeta мазкур ташриф доирасида штат Сенати президенти Стюарт Адамс ва Stirling жамғармаси президенти ва ижрочи директори Майлс Хансен билан Ўзбекистон ва Юта штати ўртасидаги муносабатлар ҳақида суҳбатлашди.

Ўзбекистон ва унинг ривожланиш салоҳияти ҳақида ҳозиргача қандай таассурот олдингиз?

Стюарт Адамс: Бу — ажойиб мамлакат. Мен бир йил олдин ҳам бу ерга келгандим ва шу йил ичида катта ўзгаришларни кўриб турибман. Мамлакат президентининг қилган ишлари шахсан мени ҳайратлантирмоқда. Мен бу ердаги болалар билан суҳбатлашиб, бундан завқландим. Ахборот технологиялари соҳасида ҳам ривожланишни кўриб турибман.

Инновацияларга гувоҳ бўляпман. Буларнинг аксари мен Ютада кўрадиган нарсаларимга жуда ўхшаш. Шунингдек, мен бу ерда ҳалолликка, меҳнаткашликка содиқ жамиятни кўряпман. Умуман олиб айтганда, Ўзбекистон менда катта таассурот қолдирди. Биринчи марта келганимда ҳам шундай бўлган эди ва шунинг учун ҳам мамлакатингизга қайта келгандим.

Юта штати Сенати президенти учун қисқа вақт ичида бир мамлакатга икки марта ташриф билан бориш ноодатий ҳолат. Аммо мен яна шу ердаман, чунки Ўзбекистон ва Ютанинг биргаликдаги келажаги мен учун муҳим.

Stirling жамғармасининг муҳим йўналишлар бўйича лойиҳаларини ҳақида қисқача айтиб бера оласизми. Нега фонд Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишни танлади?

Майлс Хансен: Биринчидан, Ўзбекистон — жадал суратларда ривожланаётган давлат. Бундай ёш ва меҳнаткаш аҳолига эга мамлакат президент Мирзиёевнинг кучли етакчилигида фаровон келажак қураётганини кузатиш ҳайратланарли.

Stirling жамғармаси тезкор тараққиёт йўлида кўплаб кучли ўзбек ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишдан ва бу тараққиётнинг жуда кичик бўлса-да бир қисми бўлишдан жуда фахрланади. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун Евроосиё минтақаси учун фойдали. Бу Америка Қўшма Штатлари учун ҳам, биз келган Юта штати аҳолиси учун ҳам манфаатли.

Stirling жамғармаси Terra деб номланган жуда катта, муваффақиятли халқаро бизнес асосчилари томонидан яратилган хусусий оилавий фонд саналади.

Бизнинг фаолиятимиз бизнесдан бутунлай ажратилган бўлиб, вазифамиз дунёга чиқиш, имкониятлар кўп бўлган, яхши келажак қураётган одамлар бор жойларни топиш ва кейин уларга муваффақиятга эришиш йўлларини топишда ёрдам бериш ҳисобланади. Биз грант маблағларини тақдим этамиз, стратегик қўллаб-қувватлаймиз, мустаҳкам алоқаларни ривожлантирамиз.

Ўзбекистонда таълим, стипендиялар ва талабалар алмашинувини қўллаб-қувватлаш устида ишлаяпмиз. Team университети билан ишлаш, шунингдек, Teach4Uzbekistan лойиҳаси доирасида ишлаш — биз учун шараф. Бугун Тошкент давлат юридик университетида учрашув ўтказдик.

Шунингдек, биз соғлиқни сақлаш соҳасида кўп ишларни амалга оширамиз: саратон скринингини ўтказамиз, тренинглар қиламиз, Ютадан шифокорларни олиб келамиз. Сўнгги 12 ой ичида биз Ўзбекистондаги ажойиб ҳамкорларимиз билан 35 га яқин лойиҳа ва ташаббусни амалга оширишга муваффақ бўлдик.

Шу ҳафтада мамлакатда бўлиб турган делегация ташрифидан кўриниб турибдики, бу — ҳамкорлигимизнинг эндигина бошланиши.

Бу ерда ННТ ёки бошқа ташкилотлар каби маҳаллий ҳамкорларни қандай танлайсиз?

Милес Хансен: Stirling жамғармаси 47 мамлакатда ишлайди. Биз қаерда ишламайлик, ҳамма жойда миллий етакчилар, ҳукумат раҳбарлари, бизнес ва фуқаролик жамияти етакчилари билан мустаҳкам ҳамда ишончли муносабатларни ривожлантириш учун жуда кўп ҳаракат қиламиз. Буни амалга ошириш давомида улардан мамлакат учун нима муҳимлигини ўрганамиз.

Биз ҳар доим мамлакат раҳбарлари ўз давлатини қайси томонга бошлаб бораётган бўлса, айнан ўша йўналишга юз фоиз мувофиқлашишни истаймиз. Шу сабабдан Ўзбекистонда ҳукумат вакиллари, таълим, бизнес ҳамда фуқаролик жамияти етакчилари билан учрашдик. Бу суҳбатлар давомида биз устувор йўналишларни аниқлашга муваффақ бўлдик.

Кейин эса ана шу соҳаларда самарали фаолият юритаётган ташкилотлар ҳақида тавсиялар олдик. Биз бу ташкилотларни қўллаб-қувватлаш ва улар билан ҳамкорлик қилиш шарафига муяссар бўлганимиздан жуда мамнунмиз — улар билан бирга Ўзбекистонда фойдали ишлар қилиш имкониятига эга бўлдик.

Лойиҳаларингизга келсак, сиз айтиб ўтган соғлиқни сақлаш ёки ижтимоий хизматлар каби соҳалардаги ташаббусларингиз қандай натижалар олиб келди?

Майлз Хансен: Ҳозиргача халқаро тажриба алмашинувларини ташкил этиш доирасида биз Ўзбекистондан Юта штатига келган бир қатор делегацияларни қабул қилиш ва қўллаб-қувватлаш шарафига муяссар бўлдик.

Масалан, ўтган йилнинг сентябрь ойида сув ва санитария соҳасига алоқадор 10 та вазирлик ва идора вакилларидан иборат делегация Юта ва Айдахо штатларига ташриф буюрди.

Биз бу ташрифни Church of Jesus Christ of Latter-day Saints деб аталувчи Ютадаги ишончли ҳамкоримиз билан биргаликда ташкил этдик. Бу ташкилот дунё бўйлаб 192 та мамлакатда инсонпарварлик ишларини амалга оширади ва сув ҳамда санитария соҳасида катта тажрибага эга.

Ўзбекистон делегацияси бу ташриф давомида 10 кун штатда бўлди ва айниқса қишлоқ ҳудудларига, мактабларга сув, ҳожатхона ва бошқа инфратузилмаларни қандай етказиш мумкинлиги ҳақида билим ва тажриба орттирди.

Ташрифдан сўнг улар Ўзбекистонга қайтиб, янги мактаб инфратузилмалари бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқди ва синовдан ўтказди. Мен яқинда улар мазкур моделни якунлагани ва ҳозир уни мамлакат бўйлаб жорий қилиш жараёнида экани ҳақида эшитдим.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги делегацияси ҳам Ютага ташриф буюрди. Улар Ютада давлат, таълим ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашиб, ногиронлиги мавжуд боласи бор оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича энг илғор тажрибалар билан танишди.

Ҳозирда эса Ютадан келган мутахассислар Ўзбекистонда шу мавзудаги миллий тизимни яратиш устида тренинглар ўтказмоқда.

Ушбу тизим доирасида маҳаллий марказлар ташкил этилиб, оғир ногиронлиги мавжуд болали оилаларга ёрдам кўрсатиш режалаштирилган — бу орқали ота-оналар болаларини ўз уйларида вояга етказиш имконига эга бўлади.

Бу фақатгина икки мисол, холос. Бугунги кунда ҳамкорликни давом эттириш мақсадида Сенат президенти Стюарт Адамс бошчилигидаги Юта штати делегацияси Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Таркибида 25 та компания, инвестиция фондлари, таълим ва бошқа муҳим соҳалар раҳбарлари бўлган бу делегация ташрифи доирасида қўшма лойиҳалар ва устувор соҳалар аниқлаштирилмоқда.

Жаноб Адамс, Юта ўзининг кучли жамияти, оилавий қадриятлари ва диний ўзига хослиги билан машҳур. Сиз ўз штатингиз ва Ўзбекистондаги ушбу қадриятлар бўйича фарқлар ва ўхшашликларни сездингизми?

Стюарт Адамс: Албатта, биз кўп жиҳатдан ўхшашмиз, лекин кўпчилик Юта штати ҳақида унчалик яхши билмайди. Шунинг учун, сизга Юта ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсам. Юта — АҚШнинг Ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, биз уни «Ғарб чорраҳаси» деб атаймиз. Аслида эса, бизнингча, Юта нафақат Ғарб, балки бутун дунё чорраҳаси ҳисобланади.

Ўзбекистонда бўлганимизда, шуни англадикки, бу ердаги одамлар ҳам бизнинг қадриятларимизга ўхшаш қадриятларга эга. Юта штати уч йил кетма-кет АҚШнинг энг яхши иқтисодиётига эга штати сифатида тан олинган. U.S. News and World Report нашри Ютани Америкадаги барча 50 штат ичида энг яхши штат сифатида эътироф этган.

Иқтисодиётимиз мустаҳкам, ЯИМ ўсиш суръати 4,5 фоиз. Бу эса, менимча, Юта аҳолисининг характерига, уларнинг меҳнатсеварлиги, ҳалоллиги ва инновацияга садоқатига боғлиқ. Ютада бошқа ҳар қандай штатга нисбатан кўпроқ стартаплар бор. Венчур маблағларидан молиялаштирилган ҳар 61 та стартапдан бири «юникорн» — млрд долларлик компанияга айланмоқда.

Бугун Ўзбекистонда ҳам шу руҳни — инновация ва ҳалоллик руҳини кўрдим. Биз бу ерда бир қатор IT компаниялар, талабалар ва янги бизнесни йўлга қўймоқчи бўлган тадбиркорлар билан учрашдик. Улардан айримлари гейминг (ўйинлар) соҳасида фаолият юритмоқда.

Айни пайтда бу ерда гейминг бўйича конференция ҳам бўлиб ўтмоқда. Қизиғи шундаки, Юта университети — бутун дунёда ўйинлар (гейминг) соҳасидаги биринчи рақамли университет ҳисобланади. Рақамли технологияларнинг кўпчилиги айнан шу университетда — 1970−90-йилларда, кўпгина ҳозирги геймерлар ҳали туғилмаган вақтда — пайдо бўлган. Pixar, Adobe ва Nintendo каби компаниялар айнан шу муҳитда дунёга келган.

Лекин мен бугун Ўзбекистонда келажакдаги Adobe’ларни, келажакдаги Nintendo’ларни кўрдим. Бу ерда болалар ва ёшлар жуда ақлли, IT соҳасида улкан ишлар қилмоқда. Масалан, бу ерда кафт орқали идентификация қилиш каби технологиялар ишлаб чиқилган. Жамоат транспортидан шунчаки кафтни кўрсатиш орқали фойдаланиш мумкин. Ютада бундай технология ҳали қўлланмаяпти — бу борада сизлар олдиндасизлар!

Мен шуни англадимки, биз бир-биримиздан ўрганишимиз мумкин бўлган нарсалар бор. Талаба алмашинуви, билим ва тажриба улашиш орқали ҳамкорлик қилиб, келажакни бирга қуришимиз мумкин. Ўзбекистон ва Юта — ўзаро рақобатчи эмас, балки ўзаро ҳамкор бўлиши мумкин. Бизда ўхшашликлар жуда кўп ва улар шунчаки ўхшашликлар эмас, балки катта имкониятларга йўл очувчи калитдир.

Сизнингча, қайси соҳаларда ривожланиш ва такомиллаштириш учун имкониятлар бор?

Стюарт Адамс: Дунёдаги энг илғор университетлардан айримлари Ютада жойлашган. Менимча, ҳамкорликнинг янада ривожланиши учун катта имкониятлар таълим соҳасида мавжуд. Профессорлар ва талабалар ўртасидаги ўзаро алмашинувлар орқали биз икки томонлама билим алмашишни йўлга қўя оламиз.

Юта университетлари Ўзбекистонда ўзининг филиалларини (йўлдош кампусларини) очиши мумкин. Ёки Ўзбекистон талабалари Ютага келиб ўқиши, шу билан бирга, масофадан туриб таълим олиши мумкин — бунга ахборот технологиялари аллақачон имкон бермоқда.

Ўзбекистонликлар Юта компаниялари учун масофадан туриб ишлаши ҳам мумкин, ёки масофавий ўқиш лойиҳаларда иштирок этишлари мумкин.

Биз Ютада ўзбекистонлик талабаларни қабул қилишга доимо тайёрмиз ва мен умид қиламанки, юталик талабалар ҳам Ўзбекистонга келишади. Чунки кўплаб ўзбекистонликлар Юта қаерда жойлашганини билмайди ва, аксинча — Юта аҳолиси ҳам Ўзбекистон ҳақида кўп билмайди.

Лекин шу каби алмашинувлар орқали бу фарқлар ёпилади. Ана ўшанда янада қизиқарли, маъноли ва ўзаро фойдали ҳамкорлик имкониятлари пайдо бўлади. Билим ва тажриба алмашиш — биз ривожлантиришимиз мумкин бўлган энг муҳим йўналишлардан бири.

Кейинги беш йил ичида янги алоқалар ва ҳамкорликни йўлга қўйишда устувор йўналишларингиз қайси?

Стюарт Адамс: Устувор йўналишларимиз аниқ. Биз билан бирга Ўзбекистонга келган бизнес вакиллари бу ерда фаолият бошлашни истайди. Улардан бири — кончилик компанияси. Улар конларни бориб кўришди ва ҳозирда Ўзбекистонда муҳим металлар қазиб чиқариш учун миллионлаб доллар сармоя киритмоқда.

Юта штати дунёдаги энг яхши кончилик маркази деб тан олинган. Бизда катта тажриба бор, Ўзбекистонда ҳам. Шу соҳада ҳамкорлик қилишимиз мумкин.

Бундан ташқари, яна бир компания Ўзбекистонда гўзаллик маҳсулотлари бизнесини бошлади — аёлларга мўлжалланган соч парвариши учун маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Мен бу соҳани унчалик яхши тушунмайман, лекин улар бу ерда жуда яхши фаолият олиб бормоқда.

Ўзбекистонлик ходимлар ишончли, ҳалол ва меҳнатсевар. Улар бу ерда бизнесларини очиб, Марказий Осиё ҳамда бутун Осиё ва Шарқ бозорига маҳсулот етказиб беришни истайди.

Бу жуда ҳаяжонли воқеа, чунки Юта дунёнинг бошқа тарафида жойлашган. Ўзбекистон эса умуман бошқа тарафда. Биз компанияларимиз орқали ҳамкорлик қилар эканмиз, бу нафақат Ўзбекистон ва Юта келажагини ёруғроқ қилади, балки бутун дунё келажагини ҳам яхшилайди.

Жаноб Хансен, Stirling жамғармасининг ушбу минтақадаги фаолияти ҳақида қандай фикрдасиз?

Майлз Хансен: Энг аввало шуни айтишни истайманки, Юта — Америка Қўшма Штатларида кўп жиҳатдан биринчи ўринда туради. Бунинг сабабларидан бири — бизда мамлакатдаги энг яхши Сенат президенти бор. У дипломат сифатида ҳам ажойиб инсон. Биз у Ютадан Ўзбекистонга келган делегацияга раҳбарлик қилаётгани учун жуда миннатдормиз.

Бу ерда бўлиб турган вақтимиз биз икковимиз АҚШ сиёсатида актуал бўлиб турган бир иборани кўп муҳокама қилдик.

Мен аввалги Трамп маъмуриятида, Оқ уйда Яқин Шарқ масалалари бўйича ишлаганман. Шунинг учун мен шундай дейишни ёқтираман: президент Мирзиёев Ўзбекистонни яна буюк қилмоқда [Трамп сайлов компаниясининг шиори — Make America Great Again (MAGA)га ишора қилиб President Mirziyoyev is making Uzbekistan Great Again дейилмоқда].

Ўзбекистоннинг тарихий мероси ва бой маданияти бор. Самарқанд, Бухоро ва Хивада юзлаб йиллар давомида инновациялар содир бўлган. Биз кўраётган ва ҳис этаётган нарса шуки, бугунги кунда Ўзбекистон яна инновациялар маркази сифатида тикланмоқда. Бу ерда билим яратиляпти ва бутун дунёдан тобора кўпроқ одамлар Ўзбекистонга келмоқда.

Stirling жамғармаси бу улкан жараённинг кичик бир қисми бўлишни истайди. Биз тадбиркорларни, инглиз тилини ўргатаётган ўқитувчиларни, шифокорлар ва ҳамшираларни, жамиятда фаолият юритаётган ҳар бир инсонни қўллаб-қувватламоқчимиз. Улар бугунги кунда Ўзбекистонни яна буюк қилиш йўлида ҳаракат қилишмоқда. Биз бунга кичик бўлса-да ҳисса қўшишни хоҳлаймиз.

Бунга қандай эриша оламиз? Ютадаги шерикларимиз орқали. Чунки Юта ва Ўзбекистоннинг қадриятлари жуда ўхшаш. Ютада ҳам, Ўзбекистонда ҳам оила жуда муҳим. Эътиқод, меҳнатсеварлик ва ҳалоллик — бу ҳар иккала халқ маданиятида муҳим ўрин тутади. Шу боис ҳамкорлигимизни ривожлантиришимиз осон бўлади.

Биз одамларни бир жойга жамлашга кўмаклашамиз ва кейин йўлни бўшатамиз — натижада буюк ишлар рўй беради. Бу Ўзбекистон халқи учун ҳам, Юта халқи учун ҳам фойдали. Бу «win-win», яъни ҳамма учун манфаатли бўлади. Биз ана шу тараққиёт жараёнининг бир қисми бўлишни истаймиз.

Стюарт Адамс: Бу фазилатлар аслида бизнинг иқтисодий ўсишимизни таъминлайди. Жаноб Хансеннинг фикрларига тўлиқ қўшиламан. Алгебра, астрономия каби фанлар айнан шу ерда бошланган.

Бугун эса дунё келажагини назарда тутар эканмиз, сунъий интеллект ва технологик инқилоблар даври келганини кўряпмиз. Бу соҳада илғор бўлиб қолиш учун Юта ва Ўзбекистон биргаликда ишлаши зарур. Сунъий интеллект ва замонавий имкониятлардан самарали фойдаланиш учун биз бирлашишимиз керак.

Мен Ўзбекистон президентининг етакчилиги ва халқингиз шижоатни ҳис қиляпман. Юта АҚШдаги энг ёш аҳолига эга штатлардан бири, Ўзбекистон ҳам худди шундай — аҳолиси жуда ёш. Бу ёшлар қатлами иштиёқ, меҳнатсеварлик ва ҳалоллик дегани. Ана шу хислатлар иқтисодни олға силжитади, ишонч пайдо қилади.

Биз биргаликда ҳаракат қилсак, алоҳида қилган ишларимиздан ҳам муҳимроқ ва каттароқ натижаларга эриша оламиз. Биз доимо бирга бўлганимизда яхшироқ натижага эришамиз. Шу билан ўзаро муносабатларимиз орқали ҳар икки халқ — ҳам Юта, ҳам Ўзбекистон — кучлироқ ва фаровонроқ бўлади деган умиддаман.

Бизга айтиб бермоқчи бўлган яна бирон бир таассуротингиз борми?

Майлс Хансен: Менинг Ўзбекистон билан боғлиқ биринчи тажрибам 20 йил олдин бўлган. Турмуш ўртоғим билан оила қурганимиздан сўнг талабалик дастури бўйича Тожикистонга келганмиз, лекин бир йил ўзбек оиласида яшаганмиз.

Ютадан келиб, Тожикистонга бориб, бир йил ўзбек оиласида яшашимиз бироз ғалати бўлди, лекин биз бир хил одамлар эканимизни тезда англадик. Бизда айни маданият, айни қадриятлар бор эди ва улар менинг, хотинимнинг, оиламнинг ҳаётини тубдан ўзгартирди.

Шундай экан, Ўзбекистонга қайтиш мен учун шарафдир. Бу мамлакатдаги жуда кўп ажойиб раҳбарлар билан ишлаш шараф.

Мен Teach4Uzbekistan ташкилотини бошқараётган Умидани эслайман ёки у билан аёллар тадбиркорлиги дастурида иштирок этган Ўзбекистон молиявий технологиялар ассоциациясини бошқараётган Наргизни. Улар биз билан ишлаш имконига эга бўлган ва бизни илҳомлантирган ажойиб етакчилардир.

Бу бизга дунёни яхшироқ жойга айлантираётганимизни ҳис қилиш имконини беради. Лекин бу биз қилган ишларимиз туфайли эмас, балки мамлакатнинг ажойиб етакчилари, буюк халқи, бой мероси, энг муҳими, олдиндан кутаётган ёруғ келажаги туфайлидир. Шунинг учун биз бу ерда эканимиздан фахрланамиз.

Биз бу ерда чуқур ҳамкорликни давом эттиришни, мамлакатингизда бўлаётган воқеаларнинг кучли қисми бўлиш учун кўплаб ҳамкорлар ва усулларни топишни истаймиз.

Инфратузилма масаласида тажрибали инсон сифатида Ўзбекистон Ютадан нимани ўрганиши мумкин деб ҳисоблайсиз?

Стюарт Адамс: Такроран айтаман, биз ёш аҳолимиз ва кучли иқтисодиётимиз туфайли Америкадаги энг тез ривожланаётган штатлардан ҳисобланамиз. Шунинг учун биз инфратузилмага катта маблағ сарфлашимиз керак эди. Бизда жуда мустаҳкам транспорт ва кучли таълим тизими мавжуд. Биз кучли иқтисодга эгамиз, ялпи ички маҳсулотимиз 4,5 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 6 фоиз экан. Сизда инфратузилмага сармоя киритиш учун ресурслар бор ва Ўзбекистон айнан шундай қилмоқда. Шу билан бирга, биз солиқларни камайтирдик ва таълимга сармоя киритдик. Ҳозир бизда ўқитувчилар Америка Қўшма Штатларининг тоғлараро ғарбий қисмидаги энг кўп маошни олади.

Кучли иқтисодиёт туфайли ўқитувчиларга сармоя киритиш, инфратузилмага сармоя киритишимиз ва солиқларни камайтириш мумкин. Юта ҳам, Ўзбекистон ҳам шундай қилиши керак.

Юта ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ва сармоя учун қайси соҳаларда кўпроқ салоҳиятни кўряпсиз?

Майлз Хансен: Биласизми, Юта илгари бир ёки иккита саноатга жуда боғлиқ эди. Штатда жуда кўп мис ишлаб чиқарилади, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирилади. 30 йил олдин бизнинг иқтисодиётимиз бу тармоқларга жуда боғлиқ эди.

Ўзбекистон ҳам ўтмишда тоғ-конь саноати ва қишлоқ хўжалигига таянгани ҳақида ўйлаб кўрсангиз, мазкур мамлакат Ютадан кўп фарқ қилмаслигини кўрасиз. Сўнгги 30 ёки ҳатто 40 йил ичида Юта кучли сиёсий лидерлар, таълим раҳбарлари ва бизнес эгалари туфайли технологик марказга айланди.

Сўнгги бир неча йил ичида биз Кремний водийсидан ўтиб кетдик. У ердаги барча йирик технологик компаниялар Ютага кўчиб ўтмоқда. Ютада дунёдаги бошқа бозорларга қараганда стартапни миллиард долларлик юникорнга айлантириш имконияти юқорироқ.

Биз Ўзбекистонда ҳам шуни излаяпмиз. Биз бу ерда тез ривожланаётган технологик экотизимни кўряпмиз. Бу ерда ҳамкорлик қилиш учун кўп соҳалар бор.

Делегациямиз таркибида Юта штатидаги энг машҳур технология компаниясининг икки асосчиси — Жеймс ва Андреа Кларк бор. Улар ClearTech компаниясига асос солган ва ўшандан буён йирик инвестиция фондини яратган. Уларнинг портфелидаги компанияларда бутун дунё бўйлаб 32 минг киши ишлайди.

Охирги икки кунда улар Ўзбекистонда биз билан бирга бўлишди ва бугун шартнома имзолашди. Улар бу ерда офис очишяпти. Улар ишни ўзларининг глобал компанияларида рақамли дастурлаш ва ривожланишни қўллаб-қувватлаш учун 12 та дастурчини ёллашдан бошламоқда. Бу — ўзбеклар ва Юта штати ўртасидаги ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган кўплаб йўналишларга мисол.

Стюарт Адамс: Жаноб Майлз мутлақо тўғри айтяпти. Юта аввал бир неча соҳага жуда боғлиқ эди, лекин ҳозирда у Америкадаги энг диверсификациялашган (яъни турли тармоқларга таянган) иқтисодиётга эга штат ҳисобланади.

Бизда мамлакатдаги энг йирик банк сектори бор, ахборот технологиялари соҳаси кучли ривожланган, қишлоқ хўжалиги ва кончилик ҳамон мавжуд, лекин энди иқтисодиётимиз фақат бир соҳадан эмас, кўплаб турли соҳалардан иборат. Шу боис иқтисодиётимиз барқарор ва турли хавф-хатарларга чидамли.

Биз Ўзбекистонга ҳам шундай диверсификацияланган иқтисодиётни қандай қуриш мумкинлигини кўрсатишимиз мумкин. Менимча, бу йўналиш — ҳамкорлик қилишимиз мумкин бўлган асосий нуқталардан бири. Чунки диверсификация қилинган иқтисодиёт камроқ таваккалчиликка эга ва барқарорроқ бўлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *