Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар, хусусан, тарифларни либераллаштириш Ўзбекистон ҳукуматининг мураккаб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш қобилияти ва мажбуриятини кўрсатди, дейилади Moody’s халқаро рейтинг агентлиги ҳисоботида.
Агентлик маълумотларига кўра, 2024−2025 йилларда электр ва газ нархларининг сезиларли даражада ошиши 2027−2028 йилларда ушбу тармоқларда харажатларни тўлиқ қоплашга эришишга қаратилган. Бу ўзаро субсидияларни бекор қилишни ва давлат корхоналари учун субсидияларни камайтиришни назарда тутади.
«Охирги ойларда тарифларнинг кескин ошиши инфляцияни юқори даражада ушлаб турса-да, ҳукумат инфляциянинг уй хўжаликларига таъсирини юмшатиш учун иш ҳақи ва пенсияларни ошириш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга оширди, шу билан бирга, давлат корхоналари учун энергия субсидияларини камайтирди», — деди Moody’s.
Ҳисоботда Ўзбекистоннинг бошқарув тизимини такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳам қайд этилган. 2024 йилдан бошлаб барча давлат корхоналари ва банкларнинг кузатув кенгашлари ислоҳ қилинди, мустақил аъзолар эндиликда аъзоларнинг мос равишда 25 ва 40 фоизини ташкил этади. Мақсад — 2027 йилга бориб давлат банкларида бу улушни 50 фоиздан ошириш.
Бошқа қадамлар қаторига манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши, мансабдор шахсларнинг мол-мулк декларацияси тўғрисидаги қонунлар ва информаторларни ҳимоя қилиш бўйича муҳокамалар кутилаётгани ҳамда статистик ҳисоботлар ва шаффофликни ошириш чоралари киради.
Moody’s’га кўра, буларнинг барчаси олиб борилаётган сиёсатга ишончни оширишга ёрдам беради ва узоқ муддатли истиқболда мамлакатнинг институционал баҳоси ва кредит рейтингини яхшилаши мумкин.
Тарифлар
2024 йил 1 майдан бошлаб, сўнгги нарх ошганидан беш йил ўтиб, ижтимоий энергия истеъмоли стандартлари жорий этилганди. Ўшанда аҳоли учун 1 кВт/соат электр энергиясининг базавий (ижтимоий норма доирасида) нархи 295 сўмдан 450 сўмгача (+52,5%), 1 куб метр газ 380 сўмдан 650 сўмгача (+71%) ошган. Истеъмол ҳажми ошганда, тариф бир неча баробар ошади.
2025 йил 1 майдан бошлаб тарифларда янги ўсиш кузатилди. Электр энергиясининг базавий қиймати яна 33,3 фоизга ошиб, 1 кВт/соат учун 600 сўмга, газ нархи 53,8 фоизга — 1 куб метр учун 1000 сўмгача ошади.
2026 йилдан электр ва газ тарифлари ҳар йили 1 майдан инфляцияни ҳисобга олиб, аммо 10 фоиздан ошмаган миқдорда кўтарилади. Гарчи 2026 йилдан уларни камида уч йилга ўзгаришсиз қолдириш режа қилинганди.
Ўзбекистон ҳукумати ўтган йилги ва янги оширилган тарифларга қарамай, газ ва электр энергияси нархларини субсидиялашни давом эттиришни режалаштирган. 2025 йилда давлат бюджетидан газ, электр энергияси ва иссиқлик таъминоти учун субсидиялар кўринишида 12,3 трлн сўм ажратиш режа қилинган. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг сўзларига кўра, бу амалиётни 2028 йилга борибгина тўхтатиш кўзда тутилган.
Давлат хизматчилари даромадлари декларацияси тўғрисида
Давлат хизматчилари ва уларнинг турмуш ўртоқларининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш тизимини Ўзбекистонда 2017 йилдан бошлаб жорий этишга ҳаракат қилинмоқда. Дастлаб мансабдор шахсларга мол-мулк декларацияси, даромад ва харажатлар, шунингдек, уларнинг ота-оналари, турмуш ўртоқлари ва фарзандлари тўғрисидаги маълумотларни топшириш мажбурияти юклатилиши кўзда тутилганди. Охирги таҳрирда фақат эр-хотинлар ва вояга етмаган болаларга тааллуқли бўлган даромадлар тўғрисидаги декларация қолди.
Президент фармони билан 2022 йил 1 январдан даромадларни декларация қилиш тизими жорий этилиши керак эди, лекин бу амалга ошмади. Қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига 2021 йил 13 ноябрда киритилган. Бироқ ҳукумат ҳужжатни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритмади, дея таъкидлади Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.
2024 йилда агентлик раҳбари Акмал Бурханов «Dunyouzbeklari.Com»га даромадларни декларациялаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси деярли тайёрлиги, у вазирлик ва идоралар билан келишилган ва Адлия вазирлиги экспертизасидан ўтганини маълум қилганди.
Президентнинг қонунни қабул қилишни тезлаштириш бўйича топшириқларига қарамай, муддатлар кечиктирилди. Охирги марта март ойи бошида давлат раҳбари тегишли идораларга қисқа муддатда қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйиш ва 1 апрелгача кўриб чиқиш учун киритиш бўйича топшириқ берганди.
Ўзбекистон давлат хизматчилари декларациясида маълумотларнинг олтита тоифасини ошкор қилиш мажбурий, яна 20 тоифани эса ёпиқ қилиш таклиф қилинмоқда.