• Вс. Июл 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ҳайдовчиларни маъмурий огоҳлантиришга оид қонун лойиҳаси парламентга киритилди


Йўл ҳаракати қоидаларининг айримларини бузганлик учун жазони енгиллаштириш, шунингдек, алоҳида чора сифатида маъмурий огоҳлантириш жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилди. Бу ҳақда Либерал-демократик партия (ЎзЛиДеП) матбуот хизмати хабар берди.

ЎзЛиДеП фракцияси «маъмурий жазо чоралари тизимини тўлиқлаштириш, ҳуқуқбузарликка тўғри ва холис ёндашишга хизмат қиладиган нормаларни киритиш»га қаратилган ҳужжатни концептуал жиҳатдан маъқуллади.

Лойиҳага кўра, йўл ҳаракати қоидабузарлиги фото ва видео қайд этиш тизимлари ёрдамида қайд этилган ҳолларда бунинг учун айнан ким жавобгар экани аниқ белгиланади.

Бундан ташқари, биринчи ҳуқуқбузарлик учун жарима ўрнига «ҳуқуқбузарлик оғир бўлмаган ҳолларда фуқароларга нисбатан юмшоқроқ ёндашиш» имконини берувчи маъмурий огоҳлантириш қўллаш таклиф қилинмоқда.

«Маъмурий огоҳлантириш»нинг алоҳида жазо тури сифатида жорий этилиши, фракция аъзоларининг фикрича, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тарбиявий функциясини ҳам кучайтиришга хизмат қилади.

«Миллий тикланиш» партиясига кўра, гап ижтимоий хавфлилик даражаси паст бўлган жиноятлар ҳақида бормоқда. Жумладан, автомобилни бошқариш вақтида телефон ёки монитордан фойдаланиш, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш, мажбурий суғуртанинг йўқлиги, шунингдек, пиёдалар ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари томонидан содир этилган қоидабузарликлар.

Шунингдек, депутатлар фуқаролар жарималар ҳақида бир неча ойдан кейин хабар топиб, амалда кечикиб жавобгарликка тортилаётган ҳолатларни ҳам танқид қилди. Шу муносабат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 36-моддасига бундай ҳолатларни бартараф этиш ва жарималар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинишини таъминлаш мақсадида ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.

Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан ишлаб чиқилган. Бундай огоҳлантириш йилига фақат бир марта қўлланиши кутилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *