Ўзбекистонда аномал иссиқ туфайли рельсларда ҳарорат кўтарилиши сабабли шаҳарлараро поездлар ҳаракати тезлиги чекланади, деб хабар берди «Ўзтемирйўлйўловчи» компанияси матбуот хизмати. Чоралар йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш учун кўрилмоқда.

«Айни кунларда республикамиз ҳудудида кескин иссиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Ҳарорат кўтарилиши натижасида ерусти темир йўлларининг рельслари ҳамда уларнинг пўлат қисмларида ҳарорат жуда юқори бўлиши инобатга олинди», — дейилади хабарда.

Ҳаракат тезлигига чекловлар ўрнатилган поездлар совитиш тизимининг ишлаш қуввати пасайиши мумкинлигини маълум қиламиз, дея таъкидлади компания. Шунингдек, тезлигига чекловлар ўрнатилган поездлар ҳаракат жадвалида кўрсатилган вақтдан кечроқ манзилга етиб бориши мумкин.

«Ўзгидромет» прогнозига кўра, ушбу иш ҳафтаси давомида Ўзбекистон бўйича ҳаво ҳарорати +40…+42 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +43…+44 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.