18 июндан «Фарғона» чегара божхона пости ҳамда Шоҳимардон қишлоғига ўтишдаги «Оқ қия» божхона пункти ва «Сўх» чегара божхона постининг «Чашма» божхона пункти 24 соатлик иш режимига ўтмоқда, дея хабар берди Божхона қўмитаси.

Фарғона вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, улар қаторига «Водил-Қадамжой» назорат-ўтказиш маскани ҳам қўшилади.

«Ушбу чора-тадбирлар Фарғона туманидаги Шоҳимардон қишлоғи ҳамда Сўх туманига боришда фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, фуқароларнинг ҳаракатланишини янада эркин ва қулай қилиш, постларда юзага келадиган тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида жорий этилмоқда», — дейилади ҳокимлик хабарда.

Сўх ва Шоҳимардон Ўзбекистоннинг анклавлари бўлиб, Қирғизистон ҳудудида жойлашган.

Ўтган йили Шоҳимардонга кираверишдаги «Фарғона» ва «Оқ-қия» чегара божхона постлари июль ойидан 24 соатлик иш режимига ўтказилганди. Мазкур янгилик июль ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларининг Тошкент шаҳридаги учрашувида эришилган келишувлар доирасида амалга ошган.