Тошкент шаҳрида уй-жой қурилиши соҳасида учта йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бу ҳақда Gazeta этибор қаратган Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг «Ўзбекистон 24» телеканали эфирида намойиш этилган интервьюсидан маълум бўлди.
180 миллион долларлик биринчи лойиҳани Xamkar Inshaat компанияси таклиф қилмоқда. Унга кўра, 4 гектар майдонда 10 та кўп қаватли уй қурилиши кўзда тутилган.
Мажмуа 1371 та хонадон ва 5486 нафар аҳолига мўлжалланган. Яшил ҳудуд 1,13 гектарни (47 фоиз) эгаллайди, яна 6 гектар хизмат кўрсатиш объектлари учун ажратилган бўлиб, у ерда 300 та иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида 540 ўринли боғча ва 1200 ўқувчига мўлжалланган мактаб қурилиши ҳам режалаштирилган. Тақдимотга кўра, барча зарур хулосалар, жумладан, сейсмологик (8 баллга), гидрогеологик, шунингдек, ФВВ ва санитария-эпидемиология хизматидан хулосалар олинган.
Муҳандислик тармоқларига уланиш учун қуйидаги харажатлар кўзда тутилган:
- электр таъминоти — 2,7 млрд сўм;
- подстанция қурилиши — 6,3 млрд сўм;
- иссиқлик таъминоти — 59 млрд сўм;
- сув таъминоти ва канализация — 1,7 млрд сўм;
- газ таъминоти лойиҳада кўзда тутилмаган.
Xamkar Inshaat компанияси 2021 йил февралда пойтахтда рўйхатдан ўтказилган. Асосий фаолият тури — турар жой бинолари қуриш. Таъсисчилар — Кипрнинг Himend Limited компанияси (50%) ва Мирзият Каримжонов (50%) бўлиб, у Stellaris, Gazalkent Sifatli Agro, Ellipse Tower Building, Inno Homes, Bilol Bino-777 ва Eco Greenland компанияларида ҳам улушларга эга. Илгари 50% улуш учта таъсисчи — Қобил Қосимохунов (30%), Исохон Ғуломов (15%) ва Жамолиддин Оловиддинов (7%)га тегишли эди.
Xamkar Inshaat 2022 йил апрелда Давлат геология қўмитасининг 1,3 гектар ер майдонига эга биносини 124,7 миллиард сўмга сотиб олган. 2021 йилда компания яқин атрофда жойлашган Минерал ресурслар илмий-тадқиқот институтининг бинолар мажмуасини 71,6 миллиард сўмга харид қилган.
Тақдимотга кўра, турар жой мажмуаси (30 қаватгача) Тарас Шевченко кўчасидаги собиқ Давлат геология қўмитаси ўрнида («Минг ўрик» метро бекати ёнида) жойлашади. Бироқ, бош режанинг интерактив харитасига кўра, у ерда фақат 5 қаватдан ошмаган биноларни қуришга рухсат берилган.
175 миллион долларлик иккинчи лойиҳа «Фотон» акциядорлик жамияти томонидан таклиф этилган. Мажмуа 0,9 гектар майдонни эгаллайди ва меъморий ҳалқа билан боғланган иккита минорани ўз ичига олади. Миноралардан бири 53 қаватга етади, аммо бош режага кўра, у ерда 25 қаватдан юқори бўлмаган бинолар қурилиши мумкин.
6000 кишига мўлжалланган 1500 та хонадон қурилиши режалаштирилган. Лойиҳа учун ҳам барча зарур рухсатнома ва хулосалар олинган.
Объект Ислом Каримов кўчасида 2024 йилнинг ёзида Havvo Group агрохолдинги томонидан 151 млрд сўмга хусусийлаштирилган собиқ «Фотон» заводи ўрнида («Ўзавтосаноат» компанияси, Марказий банк, «Инфинбанк» ва Маданий мерос агентлиги яқинида) жойлашади.
Учинчи лойиҳа пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги «Ташкент инвест» компанияси томонидан амалга оширилади. У 10,6 гектар майдонда баландлиги 30 қаватгача бўлган (бош режа бўйича 9 қаватдан баланд бўлмаслиги керак) турар жой мажмуасини қуришни назарда тутади. Инвестициялар 461 миллион долларга баҳоланмоқда.
Мажмуа 9216 нафар аҳоли учун 2304 та хонадонни ўз ичига олади, яшил майдонлар 1,2 гектарни ташкил этади.
Харитага кўра, объект Бешёғоч кўчасида (Magic City йўлидан ўтиб, Бешёғоч ва Фурқат кўчалари кесишмасида) жойлашади. Аввалроқ Туркиянинг Albayrak Holding компанияси Тошкентнинг Чилонзор тумани ҳокими ўринбосари Абдуҳамид Абдуқодиров билан музокараларда «Бешёғоч» бозори ўрнида йирик бизнес маркази қуришни таклиф қилганди.
Куни кеча президент коммунал инфратузилма яратилгандан кейингина лойиҳаларни лойиҳалаштириш ва амалга оширишга ўтиш бўйича топшириқ берди, деди Тошкент ҳокими. Келгуси 20 йил ичида пойтахтда 58,5 млрд долларлик 394 та лойиҳа режалаштирилган. Чилонзор туманида қуввати 160 МВт бўлган янги подстанция ва сув ҳавзаси қурилади.