17 июнь куни соат 21:00 да Тошкент шаҳридаги «Сокин» нимстанциясида носозлик юзага келди. Ижтимоий тармоқларда пойтахт аҳолиси кўчаларда ёритиш тизимлари ва светофорлар ишламаётгани акс этган видеолавҳаларни улашмоқда.
Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, носозлик оқибатида Юнусобод, Мирзо Улуғбек ва Олмазор туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилиш кузатилмоқда.
21:25 соатига кўра, ҳолатни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Идора келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўради.
Тармоқдаги видеоларда Тошкент маркази, жумладан, Навоий ва Шароф Рашидов кўчалари, шунингдек, Мустақиллик шоҳкўчасида тирбандликлар юзага келгани, ҳаракатни таъминлаш учун кўнгилли тартибга солувчилар шуғулланаётганини кўриш мумкин.
Соат 22:20 атрофида Энергетика вазирлиги носозлик бартараф этилгани ҳақида хабар берди.