Германия канцлери Фридрих Мерц Эронга қарши зарбалари учун Исроилни ҳурмат қилишини айтиб, буни Ғарб иттифоқчиларига кўрсатилаётган хизмат сифатида баҳолади. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Мерц Канадада бўлиб ўтган G7 саммити доирасида берган интервьюсида шундай баёнот берган.
Шуни айтишим мумкинки, Исроил армияси ва ҳукуматининг бу ишга журъат этгани менда катта ҳурмат уйғотади. Акс ҳолда, биз бу режимнинг террорини ойлар ва йиллар давомида, кейинчалик эса, эҳтимол, ядро қуролини қўлга киритган ҳолда кузатишга мажбур бўлардик. Бу Исроил барчамиз учун бажараётган ифлос иш. Биз ҳам бу режимдан азият чекмоқдамиз, деган Германия канцлери.
Фридрих Мерц Эронни Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ва Ғазо секторидаги ҲАМАС қўли билан “ҳужумлар ва қотилликлар орқали бутун дунёга ўлим ва вайронагарчиликлар” тарқатганликда айблаган. Канцлерга кўра, 7 октябрь куни ҲАМАС жангчиларининг Исроилга ҳужуми “Теҳрон режимисиз ҳеч қачон амалга ошмаган бўларди”.
Агар Эрон ҳукумати музокаралар столига қайтишга тайёр бўлганида, ҳарбий аралашувга ҳожат қолмасди, дейди Фридрих Мерц.
Германия канцлери “Эрон режими” тугашини истайди
Мерц гўёки Эронда “террорчи режим” ҳукмронлик қилаётганини маълум қилди.
Унинг охири келса яхши бўларди, деди Германия канцлери.
Исроилнинг Эрон ядровий ва ҳарбий объектларига ҳужумлари бошланганидан сўнг, Мерц Исроил ўзини ва фуқароларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, Эрон ядровий дастури “Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома қоидаларини бузади ва бутун минтақа, хусусан, Исроил давлати учун жиддий хавф туғдиради”.
Канцлер, шунингдек, ҳар икки томонни минтақада янада беқарорлик ва кескинлашувга олиб келиши мумкин бўлган қадамлардан тийилишга чақирган.
Исроил мудофаа армияси 13 июнь куни Эронга қарши операция бошлади ва унинг мақсади Теҳроннинг ядровий дастурини йўқ қилиш деб атади. Эрон Исроил ҳужумига жавобан унинг шаҳарларига ракета ва дронлар билан зарба бера бошлади. Камида 24 киши ҳалок бўлди, юзлаб одамлар яраланди. Эронда эса қурбонлар сони 270 дан ошади.
