Volkswagen AG ва Ўзбекистоннинг «Ўзавтосаноат» таркибидаги Alyans Auto компанияси автомобиль ишлаб чиқариш ва сотиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» АЖ матбуот хизмати Gazeta’га хабар берди.
Келишув лицензияли ишлаб чиқариш, кейинчалик тўлиқ йиғишга ўтиш билан йирик қисмларни (CKD) йиғиш, шунингдек, технологик ҳамкорликни ўз ичига олади. Лойиҳа доирасида Volkswagen сифат стандартларини жорий этиш ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш кўзда тутилган.
«Volkswagen Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўяди ва моделлар қаторини кенгайтиради, десак тўғрироқ бўлади. Илгари Volkswagen Caddy (тижорат транспорти) ва Skoda Kodiaq моделлари ишлаб чиқарилган, шунинг учун жорий лойиҳа маҳаллий бозор эҳтиёжларига мослаштирилган янги седанлар ва йўлтанламасларни қўшиш билан ишлаб чиқаришни давом эттиради», — дея таъкидлади «Ўзавтосаноат.»
Лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда SKD-йиғиш, иккинчи босқичда эса чуқур локализацияли CKD га ўтиш кўзда тутилади. Ушбу жараён техник ва иқтисодий тайёргарликни, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш учун энг мос моделларни танлашни ўз ичига олади.
Кичик узелли йиғишни ташкил этиш истиқболда маҳаллийлаштириш даражасини сезиларли даражада ошириш, замонавий технологияларни жалб қилиш ва турдош тармоқларни ривожлантириш орқали мамлакатнинг саноат базасини мустаҳкамлаш имконини беради, дея таъкидлади «Ўзавтосаноат».
«Alyans Auto платформасида серияли ишлаб чиқаришни 2025 йилнинг тўртинчи чорагида ёки 2026 йил бошида ишга тушириш режалаштирилган. Ишлаб чиқариш ҳажми бозор талабига боғлиқ бўлади. Биз қатъий миқдорий чекловлар ўрнатмаймиз, эҳтиёжга қараб кенгайтириш имкониятига эга сотувларга эътибор қаратамиз», — дейилади компания хабарида.
Лойиҳанинг инвестиция параметрлари техник-иқтисодий асослаш якунлангандан сўнг аниқланади.
Volkswagen 11 июнь куни Alyans Auto билан биргаликда Ўзбекистонда автомобилларни йирик узелли йиғишни йўлга қўйиш бўйича шартнома имзолади. Компонентлар Хитойдан етказиб берилиши режалаштирилган. «Бизда саккизта замонавий седан ва катта сиғимли йўлтанламаслар бор», — деди немис компанияси вакили.
Шартнома замонавий енгил автомобиллар — седанлардан тўлиқ ўлчамли кроссоверларгача бўлган моделлар қаторини кенгайтиришни назарда тутади.
Volkswagen’нинг Ўзбекистонга қайтиши
2020 йилда «Ўзавтосаноат» ва Volkswagen Group Rus (Volkswagen’нинг Россиядаги шуъба корхонаси) ўртасида Jizzakh Auto (Жиззах автомобиль заводи) негизида «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзоланган эди.
Ўша йилнинг ёзида Жиззах автомобиль заводи базасида Volkswagen, кузда эса Škoda (1991 йилдан Volkswagen гуруҳига киради) тижорат автомобиллари сотуви бошланди.
Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг Volkswagen Россия бозорини тарк этишга қарор қилди. 2023 йил май ойида компания Россиянинг «Авилон» автодилерига сотиб олиш ҳуқуқисиз сотилган.
2022 йил август ойида ижтимоий тармоқларида Volkswagen Ўзбекистонда фаолиятини тўхтатгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.