• Вт. Июл 15th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Халқимиз мана шундай фаровон шароитда яшашга муносиб». Президент «Паркентсой» турар жой массивини бориб кўрди


Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти, ҳудудларнинг иқтисодий ривожи ва янги лойиҳалар билан танишиш мақсадида 18 июнь куни Тошкент вилоятининг Паркент туманига ташриф буюрди. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, дастлабки манзил «Паркентсой» турар жой массиви бўлди.

Ушбу массив экошаҳар кўринишида туман марказидан оқиб ўтувчи Паркентсой қирғоғида қурилмоқда. Унинг умумий майдони олти гектар бўлиб, жами 5200 хонадонли 125 та кўп қаватли турар жой қурилади. Улар барча замонавий коммунал тармоқлар, энергия тежамкор технологиялар билан таъминланади. Жумладан, уйлар тепасига геоколлекторлар ўрнатиб, сув иситишда фойдаланиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари мазкур янги хонадонлардаги шароитларни кириб кўрди. Бу ерда, шунингдек, иккита мактаб, саккизта боғча, болалар майдончалари, 10 гектарлик парк, сунъий кўл, сайилгоҳ ва велойўлаклар қурилади. 17 километр ички йўллар таъмирланади.

Массивда тадбиркорлик учун ҳам шароит яратилади, хусусан, 58 та нотурар бино бўлади. Уларда савдо ва хизмат корхоналари жойлашиб, 700 дан ортиқ иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Президент паркентлик фаоллар билан суҳбатлашди ва мамлакатнинг энг катта бойлиги «юртимиз тинчлиги, халқимизнинг осойишталиги» эканини айтди.

«Тинчлик барқарор бўлса, мана шундай бунёдкорлик бўлади, режалар амалга ошади. Давлат ташкилотларини сафарбар қилиб, имкониятларни юзага чиқариб, ҳамма ҳудудларни ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз. Паркентга ҳам истиқлол шабадаси, ислоҳотлар натижаси етиб келганини кўриб, хурсанд бўлдим. Халқимиз мана шундай фаровон шароитда яшашга муносиб», — деди Шавкат Мирзиёев.

У шу ерда туманни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди. Бу борадаги муҳим лойиҳа — «Байтқўрғон — Паркент» электрлаштирилган темирйўли. Хабарга кўра, ҳозирда унинг қурилиши жадал кетмоқда.

Қарийб 24 километрлик бу йўл фойдаланишга топширилгач, Паркентдан Тошкентга бориш учун катта қулайлик яратилади, туманнинг хушманзара манзилларига саёҳатга келиш осонлашади. Унда кунига 275 минг нафаргача йўловчи ташилиши ҳисоб-китоб қилинган.

Қайд этилишича, Паркентсойни тартибга келтириш, қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Биринчи босқичда сойнинг 4 километр қисми тўлиқ бетонлаштирилди. Сой бўйлаб қарийб беш километрлик янги йўл қурилди. У ҳозир туман марказидан ўтган асосий кўчага ёндош бўлиб, бир кеча-кундузда 10 минг автомобилни ўтказиш қувватига эга. Бу транспортлар юкламасининг бир қисмини ўзига олиб, марказда тирбандликни камайтиради. Шунингдек, пиёдалар йўлакчаси, йўл ўтказгич ва кўприк қурилган.

Иккинчи босқичда Кумушконгача бўлган ўзанларни тартибга келтириб, очиладиган 100 гектар ерда туризм объектлари ташкил этиш режалаштирилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *