• Вс. Июл 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Ўзбеккосмос» агентлиги йил бошидан буён 200 дан ортиқ дала ёнғинини аниқлади


«Ўзбеккосмос» агентлиги сунъий йўлдошлар ёрдамида йил бошидан буён далаларда 213 та ёнғин содир бўлганини аниқлади, деб хабар қилди агентлик матбуот хизмати. Ёнғин 1605,4 гектар майдонни қамраб олган.

Агентликнинг таъкидлашича, ҳар йили баҳор-ёз мавсумида ғалла ҳосили йиғиб олингандан сўнг далаларда сомон, поя ва бошқа органик чиқиндиларни ноқонуний ёқиб юбориш ҳолатлари кузатилмоқда.

Жорий йилда энг кўп ёнғинлар Сурхондарё вилоятида қайд этилган — 1324,8 гектар майдонда 180 та ҳолат содир бўлган.

Бошқа ҳудудларда:

  • Сирдарё вилояти — 17 та (135,2 га);
  • Тошкент вилояти — 3 та (58,2 га);
  • Бухоро вилояти — 4 та (21,4 га);
  • Андижон вилояти — 3 та (18,5 га);
  • Фарғона вилояти — 4 та (20,4 га);
  • Жиззах вилояти — 2 та (21,3 га).

Аввал хабар қилинганидек, «Ўзбеккосмос» Бош прокуратура, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва бошқа мутасадди идораларни аниқланган ҳар бир ҳолат юзасидан хабардор қилмоқда.

Агентликнинг эслатишича, далаларда сомонга ўт қўйиш маъмурий, кўп миқдорда зарар етказилган тақдирда эса жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

1 гектар майдондаги ғалла поясини ёқишда атмосферага 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводородлар, 3 килограмм кул, 20 килограмм ис гази ва углерод оксиди ажралиб чиқади. Бу саломатликка жиддий таҳдид солади, чунки у ҳавонинг ифлосланишига олиб келади ва сил ва саратон касалликларининг ривожланиш эҳтимолини оширади, дея қайд этди агентлик.

Эслатиб ўтамиз, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 17 июнь куни Сурхондарёда арча ўрмонига туташ ҳудудда қуруқ ўт ёниб кетганини хабар қилганди. Уни ўчиришга 200 га яқин ходим ва фуқаро, ёнғин-қутқарув экипажлари, ҳарбий вертолёт ва учувчисиз учиш воситалари жалб қилинди. Ҳодиса 13 соат 25 дақиқада бартараф этилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *