Республика бўйича 200 дан ортиқ дорихона нархларни асоссиз ошириш орқали даромад олганини аниқлади. Маблағларни қайтариш бўйича тегишли чоралар кўрилди, деб хабар берди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.

Рақобат қўмитаси томонидан «Fair tech» ягона ахборот тизими орқали дорихоналарда дори воситаларини сотишда белгиланган савдо устамаларига риоя этилмаганлиги ҳолатлари ўрганиб борилмоқда.

Ягона ахборот тизими орқали келиб тушган хабарлар бўйича 2025 йилнинг ўтган даври давомида олиб борилган ўрганишларда 225 та дорихонада 62 704 та ҳолатда дори воситаларнинг савдоси бўйича 2,6 млрд. сўм асоссиз даромад олинганлиги аниқланди ҳамда белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, маблағларни қайтариш бўйича тегишли чоралар кўрилди.

Жумладан, улгуржи савдода:

  • 1744 та ҳолатда — Evro Farm Biznes;
  • 1695 та ҳолатда — Tar Pharm Alliance;
  • 5191 та ҳолатда — Garmoniya Farm.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, нархларни асоссиз ошириш аломатлари бўйича ушбу МЧЖларга нисбатан қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан иш қўзғатилди.

Рақобат қўмитаси дорихоналарда рецепт билан бериладиган дори воситалари белгиланган нархларига риоя этилмай сотилган тақдирда чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.

Маълумот учун: Солиқ қўмитаси ва Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази электрон тизимлари интеграцияси натижасида Рақобат қўмитасига дори воситалари нархлари оширилгани ҳақида хабарлар автоматик равишда онлайн келиб тушиши йўлга қўйилган.

Аввлроқ Ўзбекистонда 3000 турдаги дори воситаси нархи қайта кўриб чиқилиб, 490 тасида нарх пасайтирилиши ҳақида хабар берилганди. Фармагентлик раҳбарининг сўзларига кўра, бу жараён референт давлатлар мисолида амалга оширилмоқда. Дорихоналарга эски захирани сотиш учун маълум муддат берилади.