Ҳудудларда ноқонуний ҳужраларда таҳсил олаётган болаларга жароҳат етказилгани аниқланди, дея хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Андижон вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази йирингли хирургия бўлими навбатчи бўлими шифокори ИИБга мурожаат қилиб, қабулига келган вояга етмаган шахснинг танаси ва бош қисмида шилинган ва йирингли жароҳатлар борлигини маълум қилган.

Тезкор суриштирув ишлари олиб борилганида маълум бўлишича, 40 ёшли аёл Асака туманидаги хонадонда 6 ой давомида асли Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида яшовчи вояга етмаган болага ноқонуний равишда диний сабоқ бериб келган. У дарслари давомида муттасил давомида боланинг боши ва танасининг турли қисмларига ёғоч, қувватловчи қурилма кабели ва бошқа жисмлар билан уриб, дўппослаган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» (Вояга етмаган шахсга нисбатан қийнаш) банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Бошқа бир ҳолатда Хоразм вилояти Хонқа туманида яшовчи аёл ва унинг қизи ҳеч қандай диний маълумотга эга бўлмасдан туриб, хонадонда ҳужра ташкил қилган ва вояга етмаган 16 нафар болага ноқонуний диний таълим бериб келган. Улар ҳар бир бола учун 1 млн сўмдан пул олиб, дарсларни ўзлаштира олмаган болаларни мунтазам равишда калтаклаган.

Ушбу шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Вояга етмаган 8 нафар боланинг ота-оналарига 47-модда билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Шунингдек, яна бир ҳолатда Наманган вилояти Давлатобод туманида яшовчи 68 ёшли фуқаро уйида ҳеч қандай диний маълумотга эга бўлмасдан туриб, 8 нафар вояга етмаган болага диний таълим бериб келган.

У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан жавобгарликка тортилди. Ноқонуний диний таълим олаётган вояга етмаганларнинг ота-оналарига эса 47-модда (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан чора кўрилган.