• Вс. Июл 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ягона энергетика тизими лойиҳасини муҳокама қилди — энергетика вазири ўринбосари


Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой энергетика тизимларини бирлаштириш тарафдори. Бу ҳақда энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё — Хитой» иккинчи саммитида энергетика тизимларини ўзаро боғлаш, жумладан, юқори кучланишли электр узатиш линиясини қуриш мегалойиҳасини амалга ошириш масалаларини диққат билан ўрганишни таклиф қилган эди.

«Бу саммитда энг асосий масалалардан бири — инфратузилма ва энергетика соҳаси кўтарилди. Давлатимиз раҳбари Хитой билан Марказий Осиё давлатларини боғловчи [энергетик] йўлак яратиш бўйича алоҳида масалани кўтарди. Бу биз учун ҳам, Хитой учун ҳам жуда муҳим масала», — деди Умид Мамадаминов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудуди орқали Хитойга трансчегаравий юқори кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш бўйича Ўзбекистон ўз ҳисоб-китобларни бошлаган. Аввалроқ республика Озарбайжон орқали Европага йўналтирилган худди шундай «яшил» энергия йўлаги лойиҳасини ишга туширган эди.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Хитой энергетика тизимларини бир-бирига инфратузилмавий боғлаш муҳимлигини таъкидлаган.

«Бу жуда катта лойиҳа. Марказий Осиё мамлакатларида ишлаб чиқариладиган электр энергияси Хитойда ортиб бораётган истъемолнинг бир қисмини қондириши мумкин», — деди Мамадаминов.

У шунингдек, мавсумий ўзгаришларга қараб икки томонлама энергия алмашинувига ишора қилди: «Бизга қиш вақтлари баъзан газ етмаганида, Хитойдан ортган пайтда импорт қилишимиз мумкин».

Саммит доирасида Power Central Asia + China махсус энергетика форуми ҳам бўлиб ўтди, унда замонавий технологиялар, жумладан, ақлли тармоқлар ва юқори кучланишли тўғридан-тўғри оқим линиялари муҳокама қилинди.

«Гап юқори кучланишли доимий ток электр узатиш линияларини қуриш ва энергия тизимига smart грид — аққли тармоқларни жорий этиш ҳақида бормоқда. Шунингдек, Хитойнинг тармоқларни модернизация қилиш тажрибаси ҳам кўриб чиқилди», — деди вазир ўринбосари.

Муҳокамалар якуни бўйича томонлар қайта тикланадиган энергия манбаларини интеграциялаш, энергия тизимлари барқарорлигини ошириш ва ишончли бошқарув тизимини яратиш бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича келишувга эришди.

2024 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон «яшил» энергия йўлаги лойиҳаси бўйича таъсис шартномасини имзолаганди. Озарбайжон Марказий Осиё, Кавказ, Европа, Каспий ва Қора денгизларни ягона энергия йўлаги орқали боғлаш учун Қора денгиз туби бўйлаб кабель ётқизиш ниятида. Мамлакатлар лойиҳани амалга ошириш учун қўшма корхона ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2030 йилдан бошлаб мамлакатда ишлаб чиқарилган ортиқча «яшил» электр энергиясини Европага экспорт қилишни режалаштирмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *