Президент Шавкат Мирзиёев 19 июнь куни Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Шаҳрисабз туманидаги агротуризм мажмуасини бориб кўрди, деб хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.
Илгари қуруқ қир-адир бўлган бу жойлар томчилатиб суғориш йўлга қўйилгани натижасида яшил ҳудудга айланган. Мажмуа 520 гектардан иборат бўлиб, адирлик қисмида «терраса» усулида узум, гилос ва олма экилган ҳамда ўрмон ташкил этилган. Франциядан энг сара навлар олиб келинган.
«Чўл-адирларни ўзлаштиришимизга шубҳа қилганлар шу боғни келиб кўрсин», — деди президент.
7,5 минг тонна маҳсулот етиштириш имкониятига эга мажмуанинг экспорт қуввати 5 миллион долларга тенг. 100 та доимий ва мингдан ортиқ мавсумий иш ўрни яратилган. Кўчатлар ривожини франциялик мутахассис кузатиб боради, ёшларга деҳқончилик сирлари ва бозор талабларини ўргатади.
Ҳудудда, шунингдек, 120 ўринли ресторан ва 100 ўринли меҳмонхона қурилган. Агрологистика ва ўқув маркази, қайта ишлаш, сақлаш қувватлари қурилмоқда.
Мутасаддилар бундай боғларни кенгайтириш, бошқа тоғли туманларда ҳам ташкил этиш режалари ҳақида айтди. Давлат раҳбари суғоришни ташкил этиб, боғларни аҳолига бўлиб бериш, одамларга даромад манбаи яратиш бўйича топшириқлар берди.
Эслатиб ўтамиз, Шаҳрисабзнинг Ҳисор тоғи ёнбағридаги туризм кластерини ташкил этиш доирасида 400 млн долларлик 117 лойиҳа амалга оширилмоқда. Президент ташриф чоғида 10 км лик экойўлак, боғ, болалар майдончаси, оилавий меҳмон уйлари, савдо шохобчалари ташкил этилган «Мираки» халқаро туристик марказини ҳам кўздан кечирди.