Президент Шавкат Мирзиёев 19 июнь куни Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Шаҳрисабздаги «Оқ сарой» кўп тармоқли кардиология маркази фаолияти билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Марказ яқинда россиялик инвестор билан ҳамкорликда очилган. У тўртта операция хонаси, олтита реанимация бўлими билан жиҳозланган ва 100 дан ортиқ ўринга мўлжалланган.
Бу ерда кунига 25 тагача кардиожарроҳлик амалиётини ўтказиш, жумладан, стентлаш, аорта коронар шунтлаш, туғма нуқсонларни бартараф этиш, эндопротезлаш каби мураккаб муолажаларни амалга ошириш мумкин. Операцияларда Россия, Туркия ва Кувайтдан келган шифокорлар ишлайди.
Шунингдек, бу ерда сунъий интеллектга эга эхокардиография аппарати (юракни ультратовуш ёрдамида текшириш усули) ўрнатилган. Бунақаси ҳозирча Ўзбекистонда ягона, дейилади хабарда.
«Бу ердаги тизимни андоза қилиб олиб, 14 та ҳудудимизда шундай клиникалар ташкил этиш зарур. Бунга қанча маблағ керак бўлса, топамиз. Фақат замирида халқимиз учун кафолатланган сифатли даво бўлиши лозим. Муқобиллик, рақобат бўлмаса, сифатга интилиш бўлмайди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Мутасадди органларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими ва тиббий суғурта механизмлари билан интеграцияни ҳисобга олган ҳолда ҳудудларда ҳам ана шундай моделни жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш бўйича топшириқлар берди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Қашқадарё вилоятида 700 дан ортиқ хусусий клиникалар 72 турдаги тиббий хизмат кўрсатмоқда. Бироқ бу ерда юрак-қон томир касалликлари даражаси юқорилигича қолмоқда, шу жумладан, озиқланиш етишмовчилиги туфайли. Янги марказ бундай касалликларни эрта ташхислаш ва даволашда ёрдам бериши керак.
Клиникада 130 иш ўрни яратилиб, клиник ординатура ташкил этилган. Шунингдек, марказ чекка ҳудудларга борадиган ва жойида УТТ, МСКТ, ЭКГ ва бошқа хизматларни кўрсатадиган мобил диагностика мажмуаларидан фойдаланади.
Давлат раҳбари талаба ва шифокорларнинг малакасини ошириш, хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликда телетиббиётни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.