АҚШ президенти Дональд Трамп Американинг Эронга зарба бериш режасини маъқуллади, бироқ унинг бажарилишини кечиктирди ва Теҳрон ўз ядровий дастуридан воз кечишини кутишга қарор қилди. Бу ҳақда биринчи бўлиб Wall Street Journal (WSJ) хабар берди, кейин худди шу маълумотни CNN ва CBS ўз манбаларига таяниб тасдиқлади.
WSJ манбаларига кўра, Трамп АҚШнинг Исроил зарбаларига қўшилиш таҳдиди Эронни унинг талабларини бажаришга мажбур қилишига умид қилмоқда. Таъкидланишича, АҚШ президенти бир нечта вариантларни кўриб чиқмоқда ва Исроилнинг ҳаракатларини кузатишда давом этмоқда.
Америка ҳужумининг эҳтимолий нишони Фордодаги уранни бойитиш заводи экани айтилмоқда. У ер остида жойлашган ва Исроил ҳали унга ҳужум қилмаган. Ҳарбий экспертларнинг фикрича, заводга АҚШ қуролларида мавжуд бўлган бункерга қарши бомбалардан ташқари ҳар қандай бомба етиб бора олмайди, деб таъкидлайди WSJ.
Гап ўта оғир (13,6 тонна) юқори аниқликдаги бомбалар ҳақида кетмоқда, деб ёзади Axios. Исроилда бундай қуроллар йўқ, уларни етказиб бера оладиган B-2 бомбардимончилари ҳам йўқ. Исроил расмийлари Фордо заводи ишдан чиқмаса, Эрон ядровий дастури давом этишидан хавотирда.
Axios манбаларининг айтишича, Трамп Американинг бункерга қарши бомбалари Фордодаги заводни йўқ қила оладими-йўқми, буни ўйламоқда. У бу ҳақда ҳарбий маслаҳатчиларидан сўраган ва улар бунга ишонишларини айтган, аммо бу Трампни ишонтирдими ёки йўқми, аниқ эмас. Нашрнинг таъкидлашича, ушбу бомбалар ҳеч қачон жанг майдонида қўлланмаган, гарчи ишлаб чиқиш жараёнида бир нечта синовлардан ўтган бўлса ҳам.
Трамп, шунингдек, ҳужум ҳақиқатан ҳам зарурлигига, АҚШни узоқ давом этадиган урушга жалб қилмаслигига ва Эрон ядро дастурини йўқ қилиш мақсадига эришишига ишонч ҳосил қилмоқчи, дейди Axios суҳбатдошлари.
Трампнинг ўзи бир кун аввал Эронга зарба бериш ёки бермаслик борасида ҳали якуний қарорга келмаганини тан олганди.
«Мен якуний қарорни у келишидан бир сония олдин қабул қилишни яхши кўраман, чунки ҳамма нарса ўзгаради, айниқса уруш пайтида», — деди у журналистларга.
«Балки қиларман, балки қилмасман. Нима қилмоқчилигимни ҳеч ким билмайди», — дея қўшимча қилди у.
Сўнгги кунларда Трамп Эрон режимига қарши риторикани кескин кучайтирди. Хусусан, у Эроннинг Исроил билан урушда «сўзсиз таслим бўлишини», шунингдек, унинг ядро дастуридан «тўлиқ воз кечишини» кутаётганини айтди.
Эрон олий раҳбари Али Ҳоманаий бунга жавобан Теҳроннинг Исроил билан можаросига ҳарбий аралашув АҚШга «тузатиб бўлмайдиган зарар» келтиришидан огоҳлантирди.
«Эрон, унинг халқи ва тарихини биладиган доно одамлар ҳеч қачон бу халққа таҳдид тилида гапирмайди, чунки Эрон халқи таслим бўладиганлардан эмас», — деди у.