Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятидаги хусусий мактабгача таълим ташкилотларининг бирида тарбияланувчини ток ургани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят прокуратураси ҳолатга ойдинлик киритди.

Ўрганишларда маълум бўлишича, ҳодиса 28 март куни Бухоро туманида жойлашган якка тартибдаги тадбиркорга тегишли оилавий нодавлат боғчасида содир бўлган. 2023 йилда туғилган тарбияланувчи Ш. Ш. (ўғил бола) ток уриши оқибатида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилди.

Дастлабки терговда боғча тарбиячиси М.Д.нинг касбига нисбатан бепарво бўлгани ҳамда вазифаларини лозим даражада бажармагани, хусусан, ўзига бириктирилган гуруҳда тарбияланувчиларни қаровсиз қолдиргани аниқланди.

Шуларга асосан жиноят иши 18 июнь куни мазмунан кўриш учун суд муҳокамасига юборилди.