Президент Шавкат Мирзиёев 19 июнь куни Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Шаҳрисабз туманидаги Ҳисорак сув омбори яқинида барпо этилган Ҳисорак кичик гидро электр станциясида бўлди.

3,5 МВт қувватга эга янги ГЭС йилига ўртача 17,5 млн киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу ерда ишлаб чиқариладиган электр энергия 7 минг 300 та хонадонга етади ва ўртача 5 млн метр куб табиий газ тежалади. Унинг қурилиши тўлиқ маҳаллийлаштириш доирасида амалга оширилган (Хитойда ишлаб чиқарилган гидрогенератордан ташқари). Лойиҳанинг қиймати 1,5 млн долларни ташкил этади, дейилади хабарда.
Ҳисорак сув омбори 1987 йилда қурилган бўлиб, 2004 йилда капитал реконструкция қилинган. Ҳудудда 2011 йилда ишга туширилган қуввати 45 МВт бўлган асосий Ҳисорак ГЭС ҳам мавжуд бўлиб, йилига 80 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу эса ўртача ҳисобда 33 минг хонадоннинг йиллик электр энергияси эҳтиёжини қоплайди.

«Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти маълумотларига кўра, келгуси икки йил ичида умумий қуввати 12 МВт бўлган 416 та кинетик турбинали микро ГЭС қурилиш режа қилинмоқда. Бу микро ГЭСлар ариқ ва каналлардаги сув оқимидан самарали энергия ишлаб чиқариш имконини беради.
Ҳозирда вилоятда умумий қуввати 49 МВт бўлган 3 та ГЭС фаолият юритмоқда. Режадаги лойиҳалар туфайли бу кўрсаткич сезиларли даражада ошиши кутилмоқда. Гидроэнергетика орқали вилоятда аҳоли электр энергияси истеъмолининг 15 фоизини қоплаш мақсад қилинган.
Умуман олганда, ҳукумат маълумотларига кўра, Ўзбекистонда сўнгги саккиз йил ичида электр энергияси ишлаб чиқариш 38 фоизга ошиб, 81,5 миллиард кВт/соатга етди. 2025 йилда республика бўйлаб умумий қуввати 24,7 МВт бўлган 5 та янги кичик ГЭС фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Президент қарорига кўра, икки йил ичида Ўзбекистонда 2983 та микро ГЕС қуриш режалаштирилган бўлиб, улар 280 минг аҳолини электр энергияси билан таъминлаши керак. Қурилишга тадбиркорлар жалб этилади.
