19 июнь куни Шавкат Мирзиёев томонидан «Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон имзоланди. Фармон матинини ЎзА эълон қилди.
Фармон билан давлат хизматига қабул қилиш тартиби ўзгаради. Хусусан, 2026 йил 1 январдан бошлаб:
- Янги ходимлар билан дастлаб бир йиллик меҳнат шартномаси тузилади, фақат фаолиятининг ижобий натижалари бўлса, у доимий (номуайян муддатли) шартномага айлантирилади.
- Давлат хизматига кираётган ҳар бир шахс махсус тайёрлов курсларидан ўтиши шарт, шунингдек, ҳар 3 йилда бир марта малака ошириши ва ушбу курслар якунида билим ва кўникмаларининг чуқур диагностикаси ўтказилади.
Ходимларнинг билим ва кўникмалари қуйидаги йўналишлар бўйича баҳоланади:
- соҳа бўйича билим даражаси;
- ҳужжатларни тузиш ва давлат тилида иш юритиш кўникмалари;
- таҳлилий, раҳбарлик ва мулоқот (коммуникатив) қобилиятлари;
- компьютер саводхонлиги;
- қонунчиликдаги янгиликлар, тарих ва хорижий тилларни билиш;
- умумий эрудиция;
- IQ ва психологик ҳолат.
Баҳолаш натижалари узлуксиз мониторинг тизимига киритилиб, ходимнинг касбий ривожланиш харитаси (портфолио) шакллантирилади. Унда «юмшоқ» ва «қаттиқ» кўникмалар бўйича индивидуал малака ошириш режаси белгиланади.
Шунингдек, давлат хизматчилари мустақил таълим дастурларини ҳам бажариши шарт бўлади.
Вазирлик ва идоралар томонидан ходимларни хорижда ўқитиш, тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда стажировкасини ташкил этиш, шу жумладан, грантлар ёки донорлар маблағлари ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида давлат хизматчиларини ўқитиш, тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда стажировкаси билан боғлиқ тадбирлар мажбурий тартибда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан келишилгандан сўнг амалга оширилади.
Давлат хизмати лавозимларини эгаллаш бўйича танлов ўтказишда 2025 йил 1 августдан бошлаб қуйидагилар белгиланади:
- республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) даражасидаги ташкилотлардаги лавозимларнинг бошқарув ва ёрдамчи гуруҳлари учун танловлар фақатгина Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона портали орқали ўтказилади;
- қонунчиликда лавозимга тайинлашда тегишли органлар билан келишилиши лозим бўлган лавозимлар бўйича келишув ушбу органларнинг вакилларини танлов комиссияси таркибига киритиш йўли билан амалга оширилади;
- тест синовлари Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули орқали махсус жиҳозланган хоналарда ёки масофавий онлайн прокторинг тизими орқали ўтказилади. Бунда тегишли давлат органида тест синовларини махсус жиҳозланган хоналарда ёки масофавий ўтказиш масаласи Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан мурожаатлар таҳлили, ўрганишлар ва сўровномалар натижаларига кўра ҳал этилади;
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:
- суҳбат босқичига мустақил экспертларни (илмий доира, ННТ, олий таълим муассасалари) жалб қилиш;
- Зарур ҳолларда танлов натижаларини бекор қилиш бўйича тақдимнома киритиш.
Фармонга кўра, 2026 йилдан бошлаб иқтидорли бошқарувчилар ва лидерларни, янги авлод раҳбарларини аниқлаш ва танлаш бўйича «ТОП-100» дастури жорий этилади. Унга кўра:
- «ТОП-100» дастури асосида ҳар икки йилда бир марта 100 нафар салоҳиятли бошқарув кадрларини саралаб олиш бўйича республика танлови ўтказилади;
- дастурда белгиланган мезонларга асосан давлат хизматчилари, жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар, хориждаги ватандошлар ва бошқа шахслар ихтиёрийлик асосида иштирок этади;
- дастур иштирокчиларининг танлов топшириқларини бажариш жараёнида кўрсатган билими ва интеллектуал салоҳияти, ватанпарварлиги, ташкилотчилиги, бошқарувчилик ва лидерлик сифатлари уларни баҳолашнинг асосий мезонлари бўлиб ҳисобланади;
- дастур ғолиблари базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади, махсус ўқув дастури асосида ўқитилади, «устоз-шогирд» анъанаси асосида тажрибали раҳбарларга шогирд сифатида бириктирилади, бошқа давлат органларига тажриба ошириш учун тегишли лавозимни эгаллаган ҳолда бир йилгача муддатга вақтинча хизмат сафарига ҳамда хорижий стажировкага юборилади;
- дастур ғолиблари Миллий кадрлар захирасига киритилади ҳамда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун асосий талабгорлар ҳисобланади.
Шунингдек, сўнгги икки йилда фаолияти ижобий бўлган маҳалла раислари, ёшлар етакчилари, аёллар фаоллари, солиқ инспекторларидан 1000 нафарлик алоҳида захира шакллантирилиб, улар агентлик тавсияси билан танловсиз тайинланиши мумкин.
Миллий кадрлар захирасидаги шахслар бошқа идораларда бир йилгача хизмат сафарига юборилади ёки хорижда стажировка ўтайди. Бунда, биринчи навбатда, иқтисодиётнинг драйвер соҳаларига устуворлик берилади.