• Вс. Июл 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонликларни хориждаги ишга лицензиясиз жойлаштириш учун пул олган 15 дан ортиқ фирма аниқланди



Ўзбекистонда консальтинг компаниялари томонидан фуқароларга хорижда осон ишга жойлашиш ёки таълим олишни ваъда қилган фирибгарлик ҳолатлари кўпайди, деб хабар қилди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати.

Агентлик маълумотларига кўра, биргина йил бошидан буён фуқаролардан 20 га яқин мурожаат келиб тушган, уларнинг аксарияти «хорижда ишга ёки ўқишга жойлаштириш ваъдаси билан фирмаларга пул тўлаган, аммо тўланган маблағлар қайтарилмаган ёки хизматлар бажарилмаганлигини» даъво қилмоқда.

Жумладан, Тошкент шаҳрида яшовчи А.Б. 16 млн сўмдан ортиқ маблағни Латвияга ишга жойлаштириш учун Konsalting N1 B2B компаниясига ўтказган. Фарғоналик фуқаро Ш. М. ҳам худди шундай вазиятга тушиб қолган — у Латвияга виза олиш ва ишга жойлашиш учун Қўқондаги Vivat viz компаниясига 2000 доллар тўлаган. Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшовчи О.Х. Германияга ишга жойлаштириш ваъдаси учун Black mountain pro компаниясига 36 миллион сўм ўтказиб берган. Маълум бўлишича, компания ўз фаолиятини тўхтатиб қўйган, хизматлар кўрсатилмаган ва пул қайтарилмаган.

Қўмитанинг таъкидлашича, хорижда бандлик хизматлари фақат «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонунда белгиланган лицензияга эга бўлган идоралар томонидан кўрсатилиши мумкин. Бироқ кўплаб фирмалар бу қоидага амал қилмайди.

Бундай компаниялар рўйхатига қуйидагилар киради: Diamond Ideal, Xorijda ish va o‘qish, SJ Team, Consulting fly, Asia consult edugately, Euro asia consulting centre, Exclusive assistant, Doch consult, Global consulting effort ва Poland business support and viza.

Қайд этилишича, мазкур юридик шахслар ижтимоий тармоқлар орқали фуқаролар ишончига кириб, уларни чет элга ишлаш ёки ўқишга юборишни ваъда қилиб, пул олган, аммо хизмат кўрсатмаган. Аксариятида лицензия йўқ, фаолияти эса ноқонуний ҳисобланади.

Айрим компаниялар аллақачон жавобгарликка тортилган. Жумладан, Ирландия, Англия, Дания ва Норвегияда ишга жойлашиш ҳақида реклама қилган Everyone consult ва Worldviza компанияларига Миграция агентлиги қарори билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари (112,5 миллион сўм) миқдорида жарима солинган. Rich result, Ravon consult group ва Adworld group компанияларига нисбатан ҳам қонуний чоралар кўрилган.

«Xорижда ўқиш ва ишлаш ниятида бўлсангиз, ҳар қандай „ўртачи“ фирмалар алдовларига ишонманг, улар фаолияти қонунийлигини ва лицензияси мавжудлигини текширинг, юқоридаги каби вазиятларга тушиб қолмаслик учун шартнома шартлари билан батафсил танишиб чиқинг, унинг хизматига пул тўлашдан аввал алдов ва фирибгарлик қурбони бўлиб қолмаслигингизга тўлиқ ишонч ҳосил қилинг», — дейилади қўмита хабарида.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *