• Вс. Июл 13th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Чигирткалар 500 минг гектардан ортиқ майдонга тарқалди — кураш давом этмоқда


Ўзбекистон ҳудудларида чигирткаларга қарши кимёвий кураш давом этмоқда, деб хабар берди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги. 19 июнь ҳолатига кўра, 515,8 минг гектардан ортиқ майдонга ҳашаротлар тарқалган.

875,8 минг гектарда мониторинг олиб борилиб, 507,1 минг гектарда кимёвий кураш тадбирлари ўтказилган.

Асосий тадбирлар Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сирдарё, Тошкент вилоятларида давом этмоқда. Ушбу ҳудудларда саксовул букри чигирткасига қарши кимёвий ишловлар олиб борилмоқда.

Агентликка кўра, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида асосий ўчоқлар бартафар этилган.

Ташкилот чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати 24/7 режимида фаолият олиб бораётганини эслатди. Эрта тонгда ва кечки вақтда кимёвий курашлар олиб борилиб, кундузи мониторинг ўтказилиши йўлга қўйилган.

Мурожаатларни 1288 ёки 71−202−10−00 телефон рақамлари орқали вақт чекловисиз юбориш мумкин. Кимёвий ишловлар олиб борилиши ва препаратлар бепул.

Агентлик маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда чигирткалар 608 минг гектардан ортиқ майдонга тарқалиши прогноз қилинмоқда, шундан 99 минги Сурхондарё вилоятига тўғри келади.

Аввалроқ Тошкентда чигиртка кўпайганига оид хабарларга Ўсимликлар ҳимояси агентлиги муносабат билдирган ва кураш фақат қишлоқ хўжалиги учун хавфли, тўда бўлиб яшовчи турларга қарши олиб борилаётганини тушунтирганди. Унга кўра, пойтахтда учраётган чигирткалар турғун турларга кирмайди. Уларга қарши кураш ҳар квадрат метрда 10 дан ортиқ индивидлар пайдо бўлса олиб борилади.

«Табиатда биологик занжир ва чигирткаларнинг табиий „қирувчилари“ — қушлар, бошқа турдаги ҳашаротлар ва амфибиялар мавжудлигини ҳисобга олсак, кам сонли чигирткаларга кимёвий ишлов бериш мақсадга мувофиқ эмас ва экология учун зарарли ҳисобланади», — деганди агентлик матбуот котиби Сабина Садинова.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон чигиртка хавфига қарши кучларини бирлаштирмоқчи. Томонлар чегара ҳудудларида зарарли ҳашаротлар тарқалишини аниқлаш, халқаро фитосанитария стандартларини жорий этиш ва махсус тизим орқали ахборот алмашувини йўлга қўйишни мақсад қилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *