Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида фуқаро ҳожатхонага тушиб кетган болани чиқариб олди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди.

17 июнь куни соат 14:10 да Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани Бунёдкор маҳалласи Иззат кўчасидаги хонадонлардан бирида яшовчи аёл ҳовлисидаги ҳожатхонага фарзанди тушиб кетганини кўриб, ёрдам чақирган.

Аёлнинг чақириғини қўшниси эшитган ва воқеа жойига етиб бориб, болани чиқариб олган.

Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси унга миннатдорлик билдирди. Қаҳрамон фуқарога ташаккурнома ва эсдалик совғаси топширилди.