21 июнь ҳолатига кўра, 60 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси Эрон ҳудудидан Туркманистон орқали ватанга қайтарди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кўрсатмасига асосан Теҳрон ва Ашхободдаги элчихоналарда кечаю-кундуз ишлайдиган тезкор штаблар тузилган.
Теҳрондаги элчихона фуқароларнинг Эрон ичида ҳаракатланиши ва хавфсизлигини мувофиқлаштиряпти. Ашхободдаги элчихона эса Туркманистон расмийлари билан ҳамкорликда уларни чегарада кутиб олиш, виза ва транспорт масалаларини ҳал этиш ҳамда Ўзбекистонга қайтаришни ташкил этмоқда.
Туркманистон ҳукумати ўз ҳудудини транзит йўли сифатида тақдим этган.
Аввлроқ Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси мамлакатдан чиқиб кетмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари учун назорат-ўтказиш пунктлари ва транспорт йўналишлари бўйича маълумот берганди.
Эслатиб ўтамиз, Исроил ва Эрон ўртасидаги зарбалар алмашинуви 13 июндан бери давом этмоқда. Исроил Эронга қарши ҳарбий операция бошланганини эълон қилиб, мамлакат ядро қуроли яратишга яқин тургани ва бу Исроил давлатининг «яшаб қолиши учун хавф» туғдиришини билдирди. Эрон бу айбловларни рад этиб, Исроил ҳудудига ракета зарбалари билан жавоб қайтармоқда.
Эронда жанговар ҳаракатлар бошланганидан бери, сўнгги маълумотларга кўра, камида 639 киши киши (АҚШнинг Human Rights Activists News Agency инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра), Исроилда 24 киши ҳалок бўлган.