Президент Шавкат Мирзиёев Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳригача ичимлик суви тармоғи тортилиши мумкинлигини айтди. У бу ҳақда 20 июнь куни Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Қайд этилишича, сўнгги 8 йилда ажратилган 1,7 трлн сўм ҳисобидан вилоятда марказлашган сув таъминоти 32 фоиздан 61 фоизга чиқди. Лекин бу республикада энг паст кўрсаткич экани кўрсатиб ўтилди.
Қашқадарёда сув ва канализацияни яхшилашга бу йил 800 млрд сўм ажратилган. Мутасаддиларга бунинг ҳисобига 183 км сув ва канализация тармоғи, 8 та сув иншооти қурилишини якунлаш топширилди.
Қарши шаҳри канализация тизимини яхшилаш ишларини ҳам шу ойда бошлаш шартлиги қайд этилди. Бунга халқаро молия институтидан 60 млн доллар жалб қилинган.
«Шаҳарда сув таъминоти 97 фоиз бўлсада, сув олиб борадиган 110 километрли магистрал қувурнинг ярмидан кўпи эскирган, сув йўқотиш юқори. Шу боис, қанчалик қийин бўлмасин, Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳригача ичимлик суви тармоғи тортишимиз керак», — деди президент.
Мутасаддиларга ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича таклиф киритиш топширилди.