• Вт. Июн 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

РФ Мудофаа вазирлиги билан тузилган шартнома ҳақидаги дипфейкда ўзбекистонлик оғир атлетикачининг образи ишлатилди


Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Руслан Нурудинов дипфейк қурбонига айланди. Унинг образи акс этган сохта видео, хусусан, Gazeta тескари алоқа боти орқали қабул қилинди.

«Спортчи» видеосида «Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш тўғрисида қарор қабул қилгани»ни айтади.

«Бу мутлақо юқори сифатли видео-дипфейк. Капитан Руслан Нурудинов Ўзбекистон Қуролли кучлари сафида хизмат қилади ва Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг шартнома бўйича ҳарбий хизматчиси», — дея хабар берди мудофаа вазирлиги Gazeta нашрига.

«Руслан Нурудинов айни дамда бўлажак мусобақаларга тайёргарлик кўрилаётган Чирчиқ шаҳридаги оғир атлетика бўйича терма жамоалар ўқув-машғулот базасида бўлиб турибди», — дея қўшимча қилди Мудофаа вазирлиги.

Қайд этиш жоизки, видео кетма-кетлик ҳақиқий, у спортчининг бир неча ой олдин журналист Шахло Пазлетдиновага берган интервьюсидан олинган. Ушбу интервьюда Руслан Нурудинов бошловчининг илтимосига кўра ўз спорт карьераси ва оиласи ҳақида гапириб берган.

Шу тариқа видео фрагменти спортчининг овозига ўхшаш овоз билан қайта дубляж қилинган ва, эҳтимол, сунъий интеллект ёрдамида лаблар ҳаракати матнга мос келадиган тарзда таҳрирланган (техник аниқликка қарамай, бир нечта хатоларни пайқаш мумкин).

Эслатиб ўтамиз, охирги пайтларда Gazeta ва мамлакатдаги бошқа интернет ОАВларига шунга ўхшаш мазмундаги дипфейклар мунтазам равишда келиб тушмоқда, уларда Ўзбекистондаги жамоат арбоблари гўёки ўзбекистонликларни Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга ундаётгани ёки буни ўзлари қилаётгани айтилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон телевидениеси янгиликлар бошловчиларининг образлари ва маҳаллий ОАВ веб-сайтлари дизайнидан фойдаланган ҳолда ўзбекистонликларнинг Россия Қуролли кучлари билан шартнома орқали урушда иштирок этиши «Ўзбекистон қонунчилигига зид эмас» деган сохта скриншот ва видеолавҳалар мавжуд.

Образлари шу тарзда қўлланган машҳур шахслар орасида Сенат раиси Танзила Нарбаева, блогерлар Никита Макаренко ва Хожиакбар Носиров (Activist) бор. Биргина 23 июнь куни Gazeta тўртта шундай хабар олди.

Ушбу сохта маълумотларнинг баъзилари Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тасарруфидаги AntiFake.uz канали томонидан рад этилди. Бироқ, хусусан, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан расмий жавоб бўлгани йўқ.

Ўзбекистон Жиноят кодексига кўра, ўзбекистонликларнинг учинчи давлат ҳудудида ва улар томонида ҳарбий ҳаракатларда қатнашиши жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади. Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси бўлмаган ёхуд низолашаётган томон назорати остидаги ҳудудда доимий истиқомат қилмайдиган шахснинг моддий рағбат олиш мақсадида қуролли тўқнашувда ёки ҳарбий ҳаракатларда хорижий давлат ҳудудида иштирок этиши 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят кодексининг 154−1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг ҳарбий хизматга, хорижий давлатларнинг хавфсизлик, ички ишлар, ҳарбий адлия ёки бошқа шунга ўхшаш органларига хизматга кириши базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача (112,5 миллион сўм) миқдорида жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, шунингдек, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *