• Пт. Ноя 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Исроил ва Эрон ўртасида ўт очишни тўхтатиш битими кучга кирди — Трамп – Gazeta


АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил ва Эрон ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув кучга кирганини маълум қилди. «Ўт очишни тўхтатиш кучга кирди. Илтимос, уни бузманг!» деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.

Кеча нима содир бўлди?

Эрон 23 июнь куни кечки пайт АҚШ зарбаларига жавобан Қатардаги Америка базаларига олтита ракета учирди. Бу ҳаракатдан ҳеч ким жароҳат олмади, зотан Эрон зарбалардан олдин томонларни огоҳлантирганди. Қатарнинг Al Jazeera агентлиги Доҳа осмонида чақнашлар ва портлаш овозлари ҳақида хабар берди. Қатар зарбалардан бир неча соат олдин ўз ҳаво ҳудудини ёпганди. АҚШ ушбу мамлакатдаги ўз фуқароларини «кейинги буйруқларга қадар жойида яширинишга» чақирганди.

«Эрон ўз ядровий иншоотларини йўқ қилишимизга расман жуда заиф жавоб берди. Биз буни кутган эдик ва жуда самарали қаршилик кўрсатдик… 14 та ракета учирилган — улардан 13 таси йўқ қилинган, 1 таси эса хавфсиз йўналишга кетаётгани учун „эркин қўйиб юборилган“. …Ҳеч бир америкалик жабрланмади ва деярли ҳеч қандай зарар кўрмади. …умид қиламанки, энди ҳеч қандай НАФРАТ бўлмайди. Мен Эронга [зарбалар ҳақида] эрта огоҳлантиргани учун миннатдорлик билдирмоқчиман, бу ҳеч кимнинг ҳаёти йўқолмаслигига ва ҳеч ким жароҳатланмаслигига имкон берди. Эҳтимол, Эрон энди минтақада тинчлик ва тотувликка ўтиши мумкин ва мен Исроилни ҳам шунга ундайман», — деди Трамп бу зарбаларни изоҳлаб.

«Расмий равишда Эрон ўт очишни тўхтатади, 12 соатдан сўнг Исроил ўт очишни тўхтатади, 12 кунлик урушнинг расмий тугаши бутун дунё томонидан олқишланади», — дея қўшимча қилди у.

«Буюк B-2 учувчиларимиз ва ушбу операцияга алоқадор барча шахсларнинг истеъдоди ва жасоратисиз бугунги «келишув»ни амалга ошира олмасдик. Ғалати ва жуда кинояли тарзда, кечқурун содир бўлган ўша мукаммал «зарба» барча томонларни бирлаштирди ва натижада келишув имзоланди!» — деди у бошқа бир постида.

Томонлар баёноти

«Эрон бир неча бор таъкидлаганидек: Исроил Эронга қарши уруш бошлади, аксинча эмас. Ҳозирча ўт очишни тўхтатиш ёки ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича ҳеч қандай „келишув“ йўқ. Бироқ Исроил режими Теҳрон вақти билан эрталаб соат 4 дан кечиктирмай Эрон халқига қарши ноқонуний тажовузни тўхтатиш шарти билан, биз бундан кейин жавоб беришни давом эттириш ниятимиз йўқ. Ҳарбий ҳаракатларимизни тўхтатиш бўйича якуний қарор кейинроқ қабул қилинади», — деди сулҳ хабарларига жавобан Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи. Бу баёнотдан кўп ўтмай, у «Исроилни тажовузкорлиги учун жазолаш мақсадида қудратли Қуролли кучларимизнинг ҳарбий ҳаракатлари сўнгги дақиқаларгача, яъни эрталаб соат 4 гача давом этди», дея бошқа бир пост қолдирди.

Эрон телевидениеси сулҳ бошланганини эълон қилди, деб ёзди The Times of Israel. Эрон ОАВ ҳам бу ҳақда ёзмоқда.

Қатар бош вазири Шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний душанба куни Эрон расмийлари билан ўтказган суҳбати чоғида Теҳроннинг Исроил ва Эрон ўртасидаги можарода ўт очишни тўхтатиш бўйича АҚШ таклифига розилигини қўлга киритди, деб ёзди Reuters.

Эроннинг сулҳ хабарларидан кейин учирган ракеталари туфайли, Исроил тез ёрдам хизмати маълумотларига кўра, тўрт киши ҳалок бўлган (манба: Reuters). Ўз навбатида, Эрон расмийлари сешанба куни эрталаб Эрон шимолида уюштирилган ҳужум оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу Исроил АҚШнинг Эрон билан ўт очишни тўхтатиш таклифига рози бўлганини тасдиқлади.

«Операция мақсадларига эришиш нуқтаи назаридан ва президент Трамп билан тўлиқ мувофиқлаштирилган ҳолда, Исроил президентнинг икки томонлама ўт очишни тўхтатиш таклифига рози бўлди», — дейилади унинг идораси баёнотида.

Операция давомида Исроил, Нетаньяҳунинг сўзларига кўра, «улкан тарихий ютуқларга» эришди ва иккита экзистенциал таҳдидни бартараф этди. Исроил ўт очишни тўхтатиш режимининг ҳар қандай бузилишига қатъий жавоб қайтаради, деб қўшимча қилди Нетаньяҳу.

Axios нашрининг таъкидлашича, Трамп Қатардан Эронни ўт очишни тўхтатишга кўндиришда ёрдам беришни сўраган. Axios`нинг Оқ уйдаги манбасига кўра, Трамп Яқин Шарқ бўйича махсус вакил Стив Уиткоффга Қатардаги Американинг Ал-Удейд авиабазасига зарба беришдан олдин эронликларга урушни тўхтатиш бўйича келишиб олиш истагини билдиришни буюрган. Теҳрон бунга рад жавобини бериб, Америка нишонларига жавоб зарбалари берилгандан кейингина дипломатияга ўтиш мумкинлигини айтган. Аммо Эрон авиабазага ҳужум бошлашдан олдин қачон ва қайси нишонларга зарба бермоқчи экани ҳақида огоҳлантирган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *