Вьетнам келаси ойдан бошлаб саккизта жиноят, жумладан, ўзлаштириш ва ҳукуматни ағдаришга қаратилган фаолият учун ўлим жазосини бекор қилади. Бу ҳақда Reuters ёзмоқда.
Мамлакатнинг қонун чиқарувчи органи Миллий ассамблея Жиноят кодексига жиноятлар учун ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги тузатишни бир овоздан ратификация қилди, дейилади баёнотда.
Энди ўлим жазосига олиб келмайдиган бошқа жиноятлар қаторига давлат мулкини талон-торож қилиш, сохта дори-дармонлар ишлаб чиқариш, тинчликни хавф остига қўйиш, босқинчилик урушларини қўзғатиш, жосуслик ва гиёҳванд моддаларни олиб ўтиш киради.
Ушбу жиноятлар учун энди максимал жазо умрбод қамоқ жазоси бўлади, дейилади хабарда. Ушбу жиноятлар учун 1 июлга қадар ўлим жазосига ҳукм қилинган, бироқ ҳали қатл этилмаганларнинг жазоси умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилади.
Бу ўзгариш 12 миллиард долларлик фирибгарлик иши бўйича магнатнинг ҳаётини сақлаб қолади, деб таъкидлади нашр. Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, унинг жазоси автоматик равишда умрбод қамоқ жазосига айлантирилади. Гап кўчмас мулк магнати Чыонг Ми Лан ҳақида кетмоқда.
Чыонг Ми Лан.
Фото: EPA
У Van Thinh Phat Holdings Group кўчмас мулк компаниясининг раиси бўлиб, ўтган йили маблағларни ўзлаштириш айбловлари бўйича ўлим жазосига ҳукм қилинганди.
Вьетнамда ўнта жиноят, жумладан, қотиллик, давлатга хиёнат, терроризм ва болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун ўлим жазоси сақланиб қолади, дейилади хабарда. Гиёҳванд моддалар савдоси ҳам асосий жиноят бўлиб қолади.
Вьетнамда ўлим жазоси маълумотлари давлат сири ҳисобланади ва ҳозирда мамлакатда қанча одам ўлим жазосига ҳукм қилингани номаълум. 2011 йилда отиб ўлдириш бекор қилинган, шундан бери ягона усул ўлимга олиб келувчи инъекция юборишдир.
