• Пн. Май 11th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Дориларга икки фоизлик бож нарх ошишига олиб келмайди — Фармагентлик раҳбари



Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Gazeta’га интервьюсида четдан олиб келинган бир қатор дори воситаларига 2 фоизлик божхона тўлови жорий этилишига изоҳ берди.

Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб қарийб 1500 турдаги дори воситалари учун 2 фоизлик божхона тўлови жорий этилди. Тариф бир қатор дори воситаларига, шу жумладан, тайёр шаклдаги антибиотикларга (масалан, амоксициллин, азитромицин, цефтриаксон), оғриқ қолдирувчи ва яллиғланишга қарши дориларга (ибупрофен, парацетамол, диклофенак), вирусга қарши (осельтамивир, ремдесивир) ва бошқаларга тегишли.

Аввалроқ Фармацевтика агентлиги буни ички бозорни ҳимоя қилиш билан изоҳлаганди. Агентлик раҳбари бож эски тўлов ўрнини босишини айтди.

«Авваллари бизда рўйхатдан ўтиш тўлови бор эди — у 1,2% ни ташкил этган. Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлаётганимиз учун бу тўлов олиб ташланди, бошқа мамлакатларда эса бундай амалиёт йўқ. Бунинг ўрнига божхона тўлови жорий этилди», — дея тушунтирди Азизов.

Унга кўра, божхона тўловлари бошқа мамлакатларда ҳам мавжуд. Масалан, Ҳиндистонда, АҚШда — 10% гача. Қўшни мамлакатларда турли ставкалар белгиланган: Афғонистонда — 2−2,5%, Қозоғистонда — 7−8% гача.

Азизовнинг таъкидлашича, бу қарор «маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ҳам кичик қўллаб-қувватлаш яратади». «Агар божхона тўловини жорий қилсангиз, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишда ҳеч қандай эътироз бўлмайди, чунки бу бошқа мамлакатларда одатий ҳол», — дея тушунтирди у.

«Шунинг учун авваллари 1,2 фоиз бўлган нарса 2 фоизга алмаштирилди — бу дори воситалари нархининг кескин ошишига олиб келмайди. Ҳеч қандай нарх ошиши кузатилмайди. Референт нархларни ўзгартирмаганимиз сабабли ҳеч қайси дори-дармон учун референт нарх ошмаган. Аксинча, айни пайтда референт нархларни пасайтириш жараёни давом этмоқда», — деди агентлик раҳбари.

«Бизда ҳозирда 8 мингга яқин турдаги дори воситалари мавжуд — рецептли дори воситалари. Ҳозирда бу дори воситаларининг барчаси синовдан ўтказилмоқда ва биз нархларни тўғри белгилашимиз керак», — деди Азизов.

Фармацевтика агентлиги раҳбари Gazeta’га берган интервьюсида Ўзбекистонда дори воситаларининг юқори нархлари, фармацевтика ишлаб чиқаришининг йўлга қўйилгани, мамлакатда рецепциз сотиладиган дори воситалари устидан назоратдан воз кечиш сабаблари ҳақида ҳам гапирганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *