Интерпол каналлари орқали қидирилаётган шахс Ўмон Султонлигидан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди, деб хабар берди ташкилотнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси.

Маълум бўлишича, Интерпол каналлари орқали Жиноят кодексининг 135-моддасида (Одам савдоси) назарда тутилган жиноятда айбланиб халқаро қидирувга берилган шахс Ўмон ҳудудида экани аниқланган. У жорий йилнинг апрель ойида ушбу мамлакатда ҳибсга олинган.

Ўзбекистон расмий вакилларининг ташрифи давомида олиб борилган музокаралар ва ўрнатилган икки томонлама алоқалар туфайли қўшма саъй-ҳаракатлар натижасида Бош прокуратуранинг айбланувчини топшириш тўғрисидаги илтимосномасини амалда бажариш бўйича келишувга эришилган.

Қўшимча қилинишича, июнь ойида Тошкент Интерпол Миллий марказий бюроси ходимларининг ҳамроҳлигида Ўмондан Ўзбекистонга яна икки нафар жиноятчи аёл ҳам олиб келинган.