Тошкент шаҳри Яшнобод туманида Тenge Bank’дан 90 минг доллар ўғирлаб кетилди, дея хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги.

Қайд этилишича, 18 июнь куни туман ИИО ФМБ бошлиғи номига банк чакана хизматлар кўрсатиш бўлими бошлиғидан ариза келиб тушган. Унда номаълум шахслар томонидан катта миқдордаги маблағ талон-торож қилинган ҳақида хабар берилган.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида шу куннинг ўзида бир неча шахслар банк кассасига мижоз сифатида ташриф буюриб, банк картасида мавжуд 90 000 долларни нақдлаштириш мақсадида POS-терминалга ёлғон ахборот киритиш йўли билан пулни олиб кетгани аниқланган.

Тезкор-техник тадбирлар туфайли ушбу хатти-ҳаракатларни содир этган жиноий гуруҳнинг барча аъзолари қўлга олинган.

«Мен бир йил олдин ҳар хил Telegram гуруҳларига кириб қолиб, хитойлик одамлар билан гаплашганман ва улардан жиноий ишга тортиладиган ҳар хил „махинация“ ва „мошенничество“ билан шуғулланадиган гуруҳларда программаларни кўриб, уларни тест қилиб, ҳар хил магазинларга кириб, уларни текшириб кўриб, планга ўтдим. Банк ходимини топдим. Банк ходими билан келишган ҳолда бизлар банкка кириб, 90 минг долларни программа орқали ечиб олдик. Мен қилган ишимдан жуда ҳам пушаймонман, сизлар ҳам унақа жойларга кирманглар, енгил пул ҳеч қачон ҳеч қаерда бўлмайди», — дейди қўлга олинган шахслардан бири.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида 12 дона телефон аппарати, POS-терминал, 9 дона банк картаси, 1 670 000 сўм ва 36 495 доллар ашёвий далил сифатида олинган. Жами 9 нафар шахс Жиноий-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳолат юзасидан тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.