Ўзбекистон аҳолисининг санитар тозалаш хизматларидан дебитор қарздорлиги 2025 йил 1 июнь ҳолатига кўра 658 млрд сўмни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати Gazeta сўровига жавобан маълум қилди.
Ҳозирда Ўзбекистонда чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлардан фойдаланувчи абонент (хонадон)лар сони 7 млн 165 мингта бўлиб, жами истеъмолчилар 23 млн 590 минг кишини ташкил этади.
Таҳлилларга кўра, энг кўп дебитор қарздорлик Наманган (100 млрд сўм), Тошкент (91 млрд сўм) ва Андижон (88 млрд сўм) вилоятларида қайд этилган. Бунда истеъмолчиларнинг қарздорлиги 10 минг сўмдан 500 минг сўмгача фарқ қилади.
Агентлик директори Шарифбек Ҳасанов Gazeta мухбири билан суҳбатда чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун тарифлар «жуда кичик сумма»ни ташкил этишига қарамай, истеъмолчиларнинг аксарияти тўловларни ўз вақтида амалга оширмаётганини қайд этди.
Масалан, баъзи фуқаролар чиқиндиларни ҳовлисида ёки тандирда ёқиб йўқ қилишини, шу боис уйидан чиқинди чиқмаслигини, қўшимча хонадонларида ҳеч ким яшамай, бўш тургани учун унга ҳам тўлов қилмаслигини таъкидлаган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ҳудудлар кесимида тасдиқланган тарифларнинг (бир киши учун бир ойлик тўловнинг) 2025 йил 4 июль ҳолати бўйича миқдори қуйидагича:
- Тошкент шаҳри — 8400 сўм;
- Бухоро вилоятидаги шаҳарлар — 5600 сўм;
- Бухоро вилоятидаги туманлар — 4480 сўм;
- Қарши шаҳри — 6160 сўм;
- Қашқадарё вилояти туманлари -4800 сўм;
- Қорақалпоғистон Республикаси — 4508 сўм;
- Хоразм ва Урганч шаҳарлари, Урганч тумани — 5880 сўм;
- Хива шаҳри ва Хоразмнинг бошқа туманлари — 4592 сўм;
- Сурхондарё вилояти — 7840 сўм;
- Самарқанд шаҳри ва Самарқанд тумани — 5600 сўм;
- Каттақўрғон шаҳри ва бошқа туманлар — 4624 сўм;
- Сирдарё вилояти — 4480 сўм;
- Тошкент вилояти — 7840 сўм;
- Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарлари — 7500 сўм;
- Фарғона вилоятининг бошқа туманлари — 6500 сўм;
- Навоий вилояти — 4950 сўм;
- Андижон вилояти -3920 сўм;
- Наманган вилояти — 5600 сўм;
- Жиззах вилояти — 6720 сўм.
«Шу тариқа, йиллар давомида қарздорлик тўпланиб ётади. Айримлар пули бўла туриб, тўлов қилмайди. Бир кунлик чиқинди олиб кетилмаса, қандай манзара ҳосил бўлишини ўзингиз бир тасаввур қилиб кўринг-да! Бу муаммога ечим сифатида давлатимиз раҳбари сиёсий ирода қилиб берди», — дейди агентлик раҳбари.
Яъни, президентнинг 2024 йил январдаги фармони билан Ўзбекистонда чиқинди йиғиш учун қарздорлик мавжуд бўлганида электр энергияси учун тўловларни амалга оширишни чеклашга доир тартибни жорий этиш тўғрисидаги фармони имзоланган эди. Ушбу тартибни дастлаб 2024 йил 1 июндан Тошкентда, 1 ноябрдан Нукус ва вилоят марказларида, 2025 йилдан эса бутун мамлакатда жорий этиш режалаштирилган эди.
Айни вақтда, бу тартиб учун асос бўладиган қонун 2025 йил 8 июндан кучга кирди.
Шарифбек Ҳасановнинг фикрича, «бу тартиб аҳолининг тўлов интизомини яхшилашда муҳим роль ўйнайди».
Маълумот учун, Ўзбекистонда чиқинди ва электр энергия учун тўловларни бирлаштириш ғояси камида 2020 йилдан бери муҳокама қилинади. Бундай таклифлар деярли ҳар доим истеъмолчиларнинг чиқинди ташиш хизматлари учун қарздорлигини камайтириш чораларидан бири сифатида илгари сурилган.