Тошкент ва Самарқанддаги Амир Темур, Фарғонадаги Аҳмад ал-Фарғоний, пойтахтдаги Мотамсаро ва Бахтиёр она ҳайкаллари қайсидир маънода шу шаҳарларнинг рамзларидан бирига айланган. Номлари санаб ўтилган ушбу монументал асарларнинг бари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Илҳом Жабборов томонидан тайёрланган. Gazeta мухбирлари ҳайкалтарошнинг Оҳангарон туманидаги дала-ҳовлисида бўлиб, у билан суҳбатлашди.
Илҳом Жабборов суҳбат давомида уни машҳур қилган Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабздаги Амир Темур ҳайкалларининг тайёрланиши тарихи ва бу борада Ислом Каримов билан кечган баҳс-мунозараларни ёдга олди. У бугунги ҳайкалтарошлар ва улар томонидан тайёрланаётган ижодий ишлар ҳақида ҳам фикр-мулоҳазаларини билдираркан, «ҳақиқий санъат аста-секин йўқ бўлиб кетаётгани», ««халтура» ҳайкаллар кўпайиб бораётгани»дан норозилик билдирди.
Таниқли ижодкор сиёсий қарор қабул қилувчиларнинг ижодга аралашуви ҳақиқий санъат асарларининг пайдо бўлишига ҳалал беришини таъкидларкан, бундай ҳолатлар ўз фаолиятида ҳам кузатилганини тан олди.
Шунингдек, у Тошкентдаги Мотамсаро она ҳайкали тарихига тўхталаркан, ёдгорлик прототипи ўз онаси экани ва унда волидасининг ҳарактерию ташқи қиёфасини акс эттиришга ҳаракат қилганини қайд этди. Кейинчалик Самарқандда худди шу ҳайкалнинг нусхаси ўрнатилган ва унда прототип сифатида президент Ислом Каримовнинг онаси қиёфаси танланган.
Илҳом Жабборов 2017 йили Тошкентдаги Оқсарой қароргоҳига ўрнатилган президент Ислом Каримов ҳайкалига оид саволларга ҳам жавоблар берди. Мазкур ҳайкал президент Шавкат Мирзиёев томонидан эътироф этилган ва ушбу асари учун ҳайкалтарош Malibu автомобили билан тақдирланган.
Ҳайкалтарош Илҳом Жабборов билан бўлган суҳбатнинг тўлиғини Gazeta’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилиш мумкин.